Депутатлар парламент ялпи мажлисида танаффусга чиқиш масаласини узоқ муҳокама қилди. Охир-оқибат камчилик кўпчилик устидан ғалаба қозонди.
“Регламент бўйича танаффусга чиқишимиз керак. Яна 4 та асосий масаламиз қолди. Ҳозир ёки танаффус қилмасдан давом эттиришимиз ёки танаффус қилиб, соат учда давом эттиришимиз мумкин. Соат тўртда Ҳукумат соати бор. Нима дейсизлар?”, дея ўртага савол ташлади спикер Нурдинжон Исмоилов.
Танаффус қилмасдан давом эттириш ҳақидаги таклиф овозга қўйилди. Натижаларга кўра, 89 нафар депутат танаффуссиз давом эттириш таклифини қўллаб-қувватлади, 13 нафари қарши бўлди, бир киши бетараф яна 15 нафар халқ вакили овоз бермасликка қарор қилди.
Шундан сўнг спикер таклифни яна овозга қўйди. Бу сафар қўллаб-қувватловчилар 89 нафарга, қаршилар эса 22 нафарга етди.
“Мен тушунмадим, нима қиламиз, давом этайликми? Ёки танаффус эълон қиламизми?”, дея такрор сўради спикер Исмоилов.
Ушбу таклиф бўйича фикр билдирган депутат Жаҳонгир Ширинов “камчилик кўпчиликка бўйсуниши кераклиги ва кўриб чиқишни давом эттириш керак”лигини айтди. Спикер ўринбосари Алишер Қодиров эса “Мен ишни давом эттиришга розиман, лекин битта нарсани ҳисобга олишимиз керак, 22 одам ҳозир кайфият билан ишламайди”, деди.
Шундан кейин парламент йиғилишида кам овоз тўплаган бўлсада, танаффусга чиқиш таклифи ғалаба қозонди.
Изоҳ (0)