Лондоннинг “Тоттенҳэм” клуби яқин кунлар ичида “Кристал Пэлас” ярим ҳимоячиси Эберечи Эзени ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Бу ҳақда TalkSport нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, клублар ўртасидаги келишув суммаси тахминан 60 миллион фунт стерлингни (69 миллион евро) ташкил этади. “Кристал Пэлас” футболчини сотишга тайёр, бироқ трансфер амалга ошишидан аввал Эзега муносиб ўринбосар топишни истамоқда.
“Тоттенҳэм” жамоа етакчиларидан бири Жеймс Мэддисоннинг жароҳати сабаб имкон қадар тезроқ ҳужумкор ярим ҳимоячи билан шартнома имзолашни мақсад қилган. Шунингдек, Сон Ҳён Мин ҳам АҚШ клубига трансфер қилингани ортидан ҳужум чизиғида кадрлар етишмаслиги борасида муаммолар юзага келган. Аввалроқ Лондон клуби “Ноттингем Форест” аъзоси Морган Гиббс-Уайт билан шартнома тузишга уриниб кўрган, бироқ “ўрмончилар” футболчини сотишдан бош тортган. Шундан сўнг “шпорлар” бор эътиборни Эберечи Эзега қаратди ва у бу позиция учун идеал номзод сифатида қаралмоқда.
- 26 ёшли инглиз ярим ҳимоячиси ўтган мавсум барча мусобақалар доирасида жами 43 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 14 та гол ва 11 та голли узатма ёздириб қўйган.
- Эзенинг “Кристал Пэлас” билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
- Transfermarkt портали футболчининг қийматини 55 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)