Эрон расмийлари 20 август куни Исроил билан эҳтимолий уруш юзага келадиган бўлса, янада кучлироқ ракеталар билан жавоб беришга тайёрлигини айтиб, таҳдид қилди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Эрон мудофаа вазири Азиз Насирзода мамлакатда анча кучлироқ ва замонавий техникалар борлигини билдириб, шундай деди:
“12 кунлик урушда қўлланилган ракеталар бир неча йил аввал ишлаб чиқарилган эди. Бугунги кунда эса бизда улар билан солиштирганда анча кучлироқ имкониятларга эга замонавий ракеталар мавжуд. Агар сионистик душман яна тажовуз қилса, биз ушбу ракеталардан албатта фойдаланамиз”.
Маълумот ўрнида, июнь ойи ўрталарида Исроил Эронга қарши турли техникалар, хусусан ракеталар билан ҳужум уюштиришни бошлаган. Бунга Теҳрон баллистик ракета ва дронлар билан жавоб қайтарган. Уруш давомида яҳудий давлати зарбалари оқибатида эронлик юқори мартабали ҳарбийлар, ядровий олимлар ҳамда юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. АҚШ эса қисқа муддатга урушга қўшилиб, Эрон ядровий объектларига зарба берган.
24 июндан бери икки давлат ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви амалда. Бироқ Эрон расмийлари ҳар қандай вақтда тўқнашув қайта бошланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Резо Ареф 18 август куни бу борада баёнот берди:
“Эрон ҳар лаҳзада қаршилик кўрсатишга тайёр туриши керак. Бу аслида сулҳ эмас — биз фақат ҳаракатларни вақтинча тўхтатганмиз”.
Шунингдек, Эрон армияси 21 август, пайшанба кунидан икки кунлик ҳарбий машғулотларни бошлаши режалаштирилган. Машғулотлар давомида қисқа ва ўрта масофали қанотли ракеталар синовдан ўтказилади. Айни пайтда, ғарб давлатлари, хусусан Франция, Эроннинг ракета дастурини минтақавий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб, Теҳрондан нафақат ядровий, балки ҳарбий дастурлар устидан ҳам музокара ўтказишни талаб қилмоқда. Эрон эса ўзининг мудофаа салоҳияти муҳокама мавзуси эмаслигини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)