Жорий йил 18-19 август кунлари ўтказилган талабалар ўқишини давлат олийгоҳларига кўчириш бўйича тест натижалари тўлиқ эълон қилинди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, тест синовида иштирок этган талабгорлар ўз натижаларини my.uzbmb.uz сайти орқали билиб олиши мумкин. Бунинг учун сайтдаги “Ўқишни кўчириш (хорижий ва нодавлат) натижа” бўлимига паспорт серияси ва рақами билан шахсий идентификация рақамини киритиш талаб этилади.
Касбий (ижодий) имтиҳон топширганлар натижалари эса олийгоҳлар томонидан агентликка тақдим этилгач, эълон қилинади.
Аввалроқ тест синовлари иккита мутахассислик ва учта мажбурий фан бўйича ўтказилиши хабар қилинганди. Талабгорларга мутахассислик фанларида 30 тадан, мажбурий фанларда 10 тадан (жами 90 та) тест топшириғи ва уларни ишлаш ҳамда жавоблар варақасига кўчириш учун уч соат вақт берилиши билдирилган.
Ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари
2025/2026-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат олийгоҳларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланган. Баллар ўз тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар таклифлари асосида шакллантирилган.
Ҳуқуқ йўналишига ўқишни кўчириш учун талабгор камида 165 балл тўплаши керак. Бу бошқа барча соҳалар орасида энг юқори ўтиш балли ҳисобланади. Бир йил илгари мазкур йўналишга ўқишни кўчириш учун 140 балл йиғиш сўралган. Яъни 12 ой ичида имтиҳондан ўтиш кўрсаткичи 25 баллга ошган.
Кейинги юқори ўтиш балли соғлиқни сақлаш соҳасидаги талабгорлар учун бўлиб, 129 баллни ташкил этади (бир йил олдингидан ўзгармаган).
Энг паст баллар ветеринария (60 балл), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари (70 баллдан) соҳалари бўйича тасдиқланган. Мазкур йўналишлар учун ўтиш баллари ўтган йилги ҳолида қолдирилган.
Ижтимоий фанлар ёки бизнес бўйича ўқишни кўчирмоқчи бўлганлар камида 105 балл тўплаши керак.
Таълим, тиллар, атроф-муҳит, математик ва статистика, ижтимоий таъминот соҳалари бўйича имтиҳонда минимум 94 балл йиғиши зарур.
Физика, биология ва умуман табиий фанлар соҳалари бўйича ўқишини давлат олийгоҳларига кўчираётганлар камида 80 балл олиши шарт.
Изоҳ (0)