Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент вилоятининг Янгиобод ҳудудидаги собиқ уран конида рекултивация ишлари якунланганини маълум қилди.

Янгиобод—Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри майдонига тегишли жой бўлиб, бу ер СССР даврида махфий уран кони сифатида машҳур бўлган. Ангрен шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ахборотига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги собиқ уран қазиб олиш объектларида рекултивация ишлари олиб борилган иккинчи мамлакатдир.
Экология вазирлигининг маълум қилишича, Янгиобод объектидаги ишлар 2024 йил февраль ойидан бошланган. Бунда ҳудудда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли вакиллари ва тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашилган. Бугунги кунга қадар рекултивация қилинган майдонлар геодезик тасвирга олинган, 850 метр узунликдаги кириш йўллари қурилган, объектнинг барча участкасида бетон ва ғишт қурилмалари ҳамда темир-бетон конструкциялари бузилиб, зарарланган бетон қолдиқларини йўқ қилиш учун сақлаш жойи (полигон) барпо қилинган.

Ўрганиш давомида, шунингдек, ҳудудда ер усти сувларини дренажлаш тизими қурилгани, шахта ва штолня (кончиликда фойдаланиш учун ер юзасига чиқиш йўли бўлган, горизонтал ёки қия қазилган кон иншооти) ёпилгани, шахта дренажларини инфилтрация (суюқлик ёки газнинг ғовак, ёриқ ва бошқа кичик бўшлиқлар орқали қаттиқ жинс ёки тупроққа кириб бориши) қилиш учун траншея (керакли узунликда қазилган чуқурлик) ҳосил қилингани, кўмилган қолдиқлар ва ювилган рудалар устига қоплама ўрнатилгани маълум бўлди.

Қолаверса, участкалар бўйлаб дарё қирғоқлари ҳимоя чоралари билан таъминланган, зарарланган қатлам устига ҳимоя қатлами ётқизилган, штолнядан чиқаётган чиқинди сув учун диаметри 1000 мм бўлган полипропилен қувурлар ётқизилган.
Бундан ташқари, уран конларини зарарсизлантиришда самарали ишлар амалга оширилганлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик чораларига амал қилинаётгани алоҳида таъкидланди.
ЕТТБ билан Тошкент вилоятидаги Янгиобод ва Наманган вилоятидаги Чоркесар-2 уран конлари объектларини рекултивация қилиш тўғрисида қиймати 9 миллион евро бўлган грант битими имзоланган. Бу лойиҳа Янгиобод ва Чоркесар ҳудудларидаги радиоактив нурланишни йўқотиб, хавфсиз ҳудудга айлантириш ва бу орқали аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида Чоркесар-2 собиқ уран конида рекултивация ишлари 2024 йил август ойида якунланган бўлиб, барча керакли чора-тадбирлар амалга оширилган.
Рекултивация — фойдали қазилмаларни қазиб олиш, сув иншоотлари қуриш, шаҳарлар қурилиши ва бошқа сабабларга кўра фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган ерларни қайта тиклаш, атроф муҳит шароитларини, экологик ҳолатларни яхшилашга қаратилган тадбирлар мажмуи.
Изоҳ (0)