• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12904.51
    • RUB161.99
    • EUR14575.64
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +29°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Дунё

    Ёлғонлар шаҳри харобалари

    Бир пайтлар ягона миллат бўлган Кореянинг қайғули тарихи борлиги барчага бирдек аён. Давлатларнинг номланиши ҳам жуда ғалати. Жанубий Корея расман Корея Республикаси деб номланса, Шимолий Корея демократиядан асар бўлмагани ҳолда Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) деган жарангдор номни бехижолат қабул қилиб олган. Жанубий Корея бутун дунёга ўз эшикларини очиб қўйган, бу давлат ҳақида истаганча ахборот олиш мумкин. КХДР эса бунинг бутунлай акси, бошқа давлатлар мухбирлари бу мамлакатдан эркин фаолият олиб бора олмагани камлик қилгандек, интернет ҳам деярли узиб қўйилган.

    Мамлакатнинг расмий ахборотномаларида эса “АҚШ империалистларини қувиб юборган корейс халқи миллатнинг “порлоқ юлдузи” раҳнамолигида эришаётган мислсиз ютуқлар, тез орада асли КХДРга тегишли бўлган мамлакатнинг жанубий ҳудудлари ҳам озод қилиниши” ҳақидаги жарангдор ахборотлар тарқатилади.

    Жанубий Корея ва қатор хориж нашрлари эса Шимолий Корея аҳолиси ўта абгор аҳволда яшаётгани, ҳатто очлик чангалида қолгани, давлат бошқарувида ўта шафқатсиз тизим минглаб одамларнинг ёстиғини қуритаётгани ҳақида бонг уради.

    Қисқа қилиб айтганда, ҳар икки томон ўз тузумининг мутлақ адолатли эканлиги ҳақида жар солгани ҳолда қўшнисининг ҳудудлари аслида ўзига тегишли эканлигини, уларни озод қилиш муқаддас бурчлигини таъкидлашдан тўхтамайди.

    Хўш, бу қадар зиддиятнинг асл илдизи қаерда?

    Ҳаммаси бир асрдан ҳам нарига бориб тақалади. 1910 йилдан то Иккинчи жаҳон урушига қадар ягона Корея давлати Япониянинг мустамлакаси бўлган. Японлар бу ҳудуддан туриб нафақат Кореяни, балки Хитойнинг катта ҳудудини назорат қилишарди. Кореянинг бўлиниб қолишида айнан мана шу жиҳат асосий рол ўйнайди. Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра, ҳудудни японлардан озод қилиш зарурати туғилди. Шимол томондан собиқ СССР, жанубдан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Корея яриморолини япон босқинчиларидан озод қилишдек эзгу мақсад йўлида бирлашди. Улар мамлакат ҳудудини 38-параллелдан қоқ иккига ажратиб, икки томонга ўз аскарларини жойлаштиришди ва тозалаш ишларини бошлаб юборишди. Эътиборли жиҳати кейинчалик икки тузумни ажратувчи бу чизиқ вақтинча ва шартли равишда чизилганди.

    Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра, 1949 йилнинг декабрида антигитлерчилар коалицияси томонидан японларни қувиш ва Корея мустақиллигини тиклаш мақсадида 38-параллелнинг ҳар икки томонида муваққат ҳукуматлар тузилди. Жануб томонда АҚШ васийлигида ўтказилган сайловлар натижасига кўра Ли Син Ман ғолиб чиққан бўлса, шимолда советлар томонидан қўллаб-қувватланган Ким Ир Сен давлат бошқарувига келди.

    Бир қарашда ҳаммаси режа бўйича кетаётган, японлар қувилиб, Корея мустақилликка эришгач, барча мурод мақсадига етадигандек эди.

    Аммо бу пайтга келиб ҳар бири ўзига хос тузум ҳамда мафкурани тарғиб қилувчи АҚШ ва СССР ўзаро совуқ уруш даврига кириб улгурган, бир-бирларининг ҳар бир ҳаракатига шубҳа билан қарашарди. Бу кайфият Кореянинг ҳар икки раҳбари қалбидан жой олиб улгурган, ундан ташқари Ли Син Ман ҳам, Ким Ир Сен ҳам аллақачон ҳокимият мазасини тотиб бўлган, ўз ўрнини осонликча бериб қўя қолмасди.

    СССР ва АҚШнинг ягона Корея бўйича қарашлари аввалбошдан ягона ва мустаҳкам келишувга эга бўлмагани учун бир-бирига зид кела бошлади. Улар 1947 йилга қадар бу борада якдил хулосага кела олишмади ва масала ечимини янги тузилган ҳамда улкан умидлар бағишлаётган ташкилот – БМТга топширишди. Шу билан бирга, ҳар икки давлат ўзига тегишли ҳудудда ҳарбий кучларини сақлаб қолди.

    Жануб ва Шимол том маънода икки томонга қараб кета бошлади ҳамда 38-параллел давлатлар ўртасидаги рамзий жарликка айлана борди. 1948 йилга келиб ҳар икки томон ўз конституциясини қабул қилиб олди ва бу конституцияларда ўз давлатининг мутлақ ҳукмронлигини таъкидлаган ҳолда қўшнисининг ҳудудларини эгаллаб олган “золимларни қувиб солиш муқаддас бурч” эканлиги айтиб ўтилганди. Шимолий Корея конституциясида ҳатто мамлакат пойтахти сифатида Сеул шаҳри кўрсатилган, Пхеньян эса Сеул “озод” қилингунга қадар муваққат ҳукумат вақтинча фаолият юритаётган шаҳар мақомида эди.

    Ҳар икки давлат қўшнисининг ҳуқуқларини тан олмаган ҳолда ўз мафкурасини мустаҳкамлашга киришиб кетди. Ўша пайтларда шимолда амалда бўлган коммунистик тузумнинг давлат бошқарувида мухолифларни шафқатсизларча йўқ қилгани ҳақида кўп маълумотлар ёритилган. Лекин тарих ҳозирги натижаларга олиб келган демократик давлат пойдевори қурилаётган ўша йилларда Жанубий Кореяда ҳам аксил қарашдаги ҳар қандай инсон омади келсагина панжара ортига равона бўлгани, одатда даҳшатли ўлим топгани тўғрисида етарлича фактларга эга.

    Ли Син Ман АҚШнинг қўллаб-қувватлашини ўз билганича тушунди ва демократияни мутлақ ҳокимиятни эгаллаш йўлидаги бир восита деб билди. Унга қарши ҳар қандай ҳаракат шафқатсиз бостирилар, мамлакат ҳудудидаги қамоқхоналарда минглаб одамлар отилиши билан бирга 22 мингдан ортиқ одам фақат сиёсий маҳбус ҳисобланарди. Маълумот учун айтиш мумкинки, ҳатто япон мустамлакаси авжига чиққан мамлакатнинг энг қора кунларида ҳам яхлит Кореядаги сиёсий маҳбуслар сони 12 минг нафардан ошмаган. 1949 йилнинг 1 декабрида қабул қилинган қонун ҳаммасидан ошиб тушди. “Душман (Шимолий Корея) томонга хайрихоҳлик билдирган ҳар қандай фуқарони шафқатсиз жазо кутади” деган мазмунни берувчи бу қонунни хоҳлаганча талқин қилиш мумкин эди.

    Ли Син Ман 1947 йилдаёқ “Шимолда қўним топган хоинларни қувиш ва сепаратистик ҳукуматни ағдариб, ҳудудни озод қилиш ҳамда ягона Корея давлатини тузиш шарт”лиги ҳақида очиқ даъват қилганди. Табиийки, ягона Корея раҳбари сифатида у ёлғиз ўзини кўрарди.

    Ким Ир Сен ҳам бунга жавобан Корея республикаси деган давлат аслида йўқлигини, халқни жанубий ҳудудда империалистлар кўмагида уя қуриб, ҳокимиятни эгаллаб олганлардан қутқариш тез орада содир бўлишини таъкидларди. Шонли чақириқлар фақат қоғозда қолиб кетмади, ҳар икки томон тарафдорлари кўмагида зўр бериб қуролланишга киришиб кетди.

    1950 йилнинг 25 июнида очиқдан очиқ бошланган урушнинг асл сабабчиси кимлиги, жанглар оловини дастлаб қайси томон ёққани борасидаги тортишувлар ҳали ҳам давом этиб келмоқда ва бу саволларга аниқ жавобни тарих ўз қаърига кўмиб юборган бўлса ажаб эмас.

    Аниғи шуки, ҳар икки томон ўз ҳарбий ҳаракатларини иложсиз мудофаа сифатида кўрсатишга уринар, рақибининг тўсатдан уюштирган ҳужумлари ҳақида рад этиб бўлмас далиллар тақдим этарди.

    Муҳими бу эмас. Шуниси муҳимки, кечагина оға-ини бўлиб, ягона душманга қарши курашларда қон тўккан бир миллат иккига бўлиниб олиб, икки мафкура остида бир-бирига қарши шафқатсиз уруш бошлади.

    Дастлаб Шимол кучлари катта суратда жанубга қараб силжий бошлади ва тез орада пойтахт Сеул эгалланди. Аммо уларнинг зудлик билан ғалабага эришиш ҳамда жанубдаги ҳукуматдан кўп сонли норозиларнинг исён кўтариб шимол кучларини қўллаб-қувватлаши режаси амалга ошмади. Шундай бўлса-да, шимолликлар қадам-бақадам жануб томонга юришда давом этдилар.

    1950 йилнинг июнь августига келиб, Жанубий Кореянинг 90 фоиз ҳудуди Шимол тасарруфига ўтди ва жанубликлар ихтиёрида фақатгина бир йирик шаҳар – Бусан (Пусан) қолди.

    Деярли ҳамма шимолнинг ғалабаси ва коммунизм режимининг бутун Корея яриморолига тарқалиши аниқлигини таъкидлаб турган бир пайтда урушга шу пайтгача маслаҳатчи мақомида турган АҚШ ва унинг иттифоқчилари аралашишди. Жанубий Кореянинг 5, АҚШнинг 5 дивизияси, Буюк Британиянинг махсус бригадаси, 500 та танк, 1600 дан ортиқ турли калибрдаги йирик ўқотар қуроллар, 1120 та самолёт бирлашиб, аввал тасарруфида 40 та танк ва 800 дан ортиқ ўқотар қурол қолган шимол кучларини тўхтатишди, кейин эса ортга улоқтириб, 1950 йилнинг 15 сентябридаёқ қарши ҳужумни бошлашди.

    Кучлар тенг эмасди. Тез орада иттифоқчилар 38-параллелни ҳам ортда қолдиришди. Қарши ҳужум жуда тез натижалар берди, камига 38-параллелдан 50-60 километр нарига 5000 кишилик десант ташланди ва 20 октябрга келибоқ пойтахт Пхеньян забт этилди.

    Бу урушнинг ўзига хос жиҳати томонларнинг ўта шафқатсизлигида эди. Бир миллатнинг икки мафкура таъсиридаги оға-инилари бир-бирларини асир олиш мумкин бўлгани ҳолда аёвсиз ўлдиришар, асирлар ҳеч бир сабабсиз отиб ташланар, тинч аҳоли вакиллари – аёллар, болалар уйларга қамаб ёқиб юборилар, тўда-тўда қилиб сувга чўктириларди. Ҳар икки томонда рақибининг бундай шафқатсизликлари ҳақида минглаб ҳужжатлар тўпланган ва оммага ошкор қилинган.

    1950 йилнинг сентябридаёқ Шимолий Корея урушнинг бу босқичида мағлуб бўлиши аниқ бўлиб улгурганди. Бу пайтга келиб коммунистик режим узил-кесил ҳокимият тизгинини ўз қўлига олган Хитой ва унинг раҳбари Мао Цзедун иттифоқчиларнинг 38-параллелдан ҳар қандай шаклда ошиб ўтишини Хитойга қарши агрессия сифатида қабул қилишини ҳамда ўз давлатининг бу урушга қўшилишини айтиб дағдаға қилди. Аммо АҚШ президенти Гарри Трумен Маонинг бу сўзларини реал ҳаракатларга олиб келмайдиган шунчаки қўрқитиш деб баҳолади.

    Бироқ АҚШ қўшинлари Шимолий Корея чегараларини босиб ўтган 8 октябрдаёқ Мао Хитой қўшинларини чегарага ёндош ўз ҳудудларига тўплай бошлади ва чегарадан ўтиб, кейинги ҳаракатларга тайёр туришни буюрди. Шунингдек, Хитой раҳбари бу вазиятда қандай йўл тутиш бўйича СССР билан музокаралар ўтказишга киришди.

    Мао Цзедун Сталинга йўллаган мактубида “Агар биз АҚШ ва иттифоқчиларининг Корея яриморолини забт этишларига йўл қўйиб берсак, тез орада уларнинг Хитойга ҳам уруш очишларига тайёр туришимиз керак бўлади” деганди.

    Ўз навбатида Трумен ҳам вазиятни “Биз Чикаго, Ню-Орлеан ёки Сан-Францискода жанг қилмаслик учун ҳам Корея яриморолида ҳарбий ҳаракатлар олиб бормоқдамиз”, дея изоҳ беради.

    Мао Сталиндан ёрдам кутиб, Хитой кучларини 13 октябрдан 19 октябрга қадар урушга киришдан тўхтатиб турди.

    Аммо Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган бўлса-да, ўта катта талафотлар билан чиққан СССРнинг яна бир мантиқсиз урушга очиқдан очиқ қўшилиши тўғри бўлмаслигини Сталин яхши англаб етарди.

    Қолаверса, президент Трумен генерал Вандебергга агар советлар иттифоқи урушга ўз кучларини ташлайдиган бўлса, Сибирдаги ҳарбий базаларни ядро қуроли билан бомбардимон қилиш имкониятларини кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берганди.

    Шундай бўлса-да, СССР ҳудуддаги ўз мафкурасининг барбод бўлишига ҳам жим қараб тура олмасди. Сталиннинг махфий буйруғига кўра аниқ сони маълум бўлмаган кўплаб ҳарбийлар турли ниқоб остида яриморолга жўнатила бошланди. Шунингдек, Миг-15 самолётлари ҳаводан туриб АҚШнинг Ф-80 самолётларини тутдай тўкишга киришди.

    АҚШ генераллари ҳавони бой бераётганларини тушуниб, замонавий Ф-86 самолётларини ҳам жангга ташладилар – Корея осмонида ҳақиқий қирғинбарот бошланди.

    Мао ҳам қараб турмади. 1950 йилнинг 25 октябрида Хитойнинг 270 минг кишилик қўшинлари аввал БМТ кучлари мудофаасини ёриб ўтиб, АҚШ қўшинларини кунпаякун қилиб ташлади. КХДР ва Хитой ягона кучга айланиб, қарши ҳужумга ўтди ва ҳеч қанча вақт ўтмай – 1951 йилнинг 4 январидаёқ Сеул қайта забт этилди. АҚШ кучларини бошқараётган генерал Уокер автоҳалокат натижасида ҳалок бўлди ва иттифоқчилар ҳам руҳан, ҳам жисмонан танг аҳволга тушиб қолди.

    Айни шу кунларда АҚШ ҳукумати мутлақо жиддий тарзда ядро қуролини ишга солиш ҳақида режалар тузишга киришди. Вазият оғирлашгани учун иттифоқчилар зудлик билан янги қўшинлар ташлашга мажбур бўлди ва энди уруш кичик ҳудуддаги ҳақиқий қирғинга айланиб кетди. Биргина Имжинган дарёси бўйидаги бир ҳафта давом этган жангларда иттифоқчилар томонидан 20 минг киши ёки ўлган, ё асирга тушган бўлса, Хитой томони 70 минг аскаридан ажралди.

    1951 йилнинг июнига келиб, ҳар икки томон бу урушда ғолиб бўлиши мумкин эмаслигини англаб ета бошлади ва жанговар ҳаракатлар бирмунча сусайди. Шунга қарамай шимол ҳам, жануб ҳам миллиондан ортиқ аскарни шай ҳолда сақлаб турарди.

    1951 йилнинг 8 июлида томонлар Кесон шаҳрида сулҳ учун тўпланишди. Қизиғи шундаки, сулҳ бўйича музокаралар кечаётган вақтда ҳам ҳудудларда шафқатсиз жанглар кечаётганди. Музокаралар йирик жангларни вақтинчалик тўхтатган бўлса-да, икки томоннинг ҳам қуроллари яна икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тинмади. 

    1952 йилнинг 4 ноябрида Дуайт Эйзенхауэр АҚШ президентлигига сайланди ва сайловолди ваъдаси – корейс урушини тўхтатиш чораларини излай бошлади. Аммо ҳақиқий имконият 1953 йил 5 мартида, Сталин ўлимидан кейин пайдо бўлди. СССРнинг янги ҳукумати бу урушни тўхтатишдан жуда манфаатдор эди

    1953 йилнинг 27 июлида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Қизиқ томони, унга бугунги кунда демократик давлат сифатида қараладиган Жанубий Кореянинг ўша пайтдаги раҳбари Ли Син Ман уруш давом этиши кераклигини таъкидлаб, имзо чекишдан бош тортди ва жануб томонидан БМТ кучлари вакили сифатида генерал Кларк келишувни имзолади.

    Бу келишув икки Кореянинг урушга қадар чегараларини қайта тиклаш ва бир-бирларига ўт очмаслигини акс эттирса-да, амалда тинчлик шартномаси эмасди.

    Тинчлик шартномасига кейинчалик ҳам эришишнинг имкони бўлмади ва Шимол ҳамда Жануб бугунги кунгача уруш ҳолатини сақлаб турибди.

    Бугунги кунда очиқ сиёсат ва иқтисодни қўллаган Жанубий Корея дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айлангани ҳолда, Шимолий Корея ўзига коммунистик мафкурани тақдим қилган СССР деган давлат тарқаб кетганига қарамай, тоталитар режимдан воз кечмади.

    Ҳозирда 70 йиллик сулоланинг навбатдаги вакили Ким Чен Ин тинчлик йўлида анча-мунча саммитлар уюштирган бўлса-да, ҳануз ракета синовларидан воз кечмаган. Ҳатто турли давлатларнинг узоқ йиллик иқтисодий санкциялари ҳам КХДРни тутган йўлида қайтара олмади.

    Кўпчилик “Наҳотки шунча қудратли мамлакатлар биргалашиб кичик бир давлатни енга олмаса?”, деган саволни беришади. Бир неча сабаб туфайли амалда бунинг иложи йўқ.

    1. Хитой ва Россия КХДРдаги тузум қулаб, жанубдаги АҚШ кучларининг ўз чегараларига келиб қолишларига ҳар қандай йўл билан қаршилик қилади;
    2. КХДР ва Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий, маиший, иқтисодий тафовут шунчалик улканки, агар ҳамма қуроллардан воз кечилиб, дўстона бирлашув бўлган тақдирда ҳам шимол ўз “юки” билан жанубнинг шунча йиллик тараққиётини осонгина йўққа чиқариб қўйиши мумкин;
    3. Ким Чен Ин тинчлик йўлидаги қадамларига қарамай асосий қуввати – ядро қуролидан воз кечмаган. Бу восита билан ҳазиллашиш яхшиликка олиб келмайди;
    4. Қачонлардир бир жон-у бир тан бўлган икки давлат ва халқ ўзи тутган йўлдан шунчалар олисга кетиб қолганки, энди уларни ягона мафкура остида бирлаштиришни ҳеч ким тасаввур қила олмайди;
    5. Корея муаммоси сақланиб туришидан манфаатдор кучлар бор. Чунки зиддият бўлган ҳудудга ҳарбий кучлар олиб кириш, ўзига оғдириш ва таъсир доирасини ошириш имконияти туғилади.

    Аброр Зоҳидов материали асосида тайёрланди 

    18.07.2024, 21:55   Изоҳ (0)   26741
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    Forbes 2024 йилда сайёҳлар учун дунёдаги энг хавфли 10 та шаҳарни эълон қилди

    18.07.2024, 21:16

    “Мен ўзимни изоляция қиламан” — Байден саломатлиги ҳақида маълумот берди

    18.07.2024, 20:50

    Байден келаётган дам олиш кунларида президентлик пойгасидан чиқиши мумкин — Axios

    18.07.2024, 20:35

    Австрия муҳожирларни ишлашга мажбур қилмоқда 

    18.07.2024, 20:20

    Россия АҚШ ўз ядровий салоҳиятини оширишига тайёрланмоқда — Россия ТИВ 

    18.07.2024, 20:07

    Ҳомий Байденнинг “шарафли” кетиши учун нутқ тайёрлади — ОАВ 

    18.07.2024, 19:45
    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    Huawei Cloud TechWave Summit 2025: Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда муваффақиятни ошириш учун интеллектуалликни тезлаштириш 


    Mobiuz IQAir ҳаво сифати датчигини ўрнатди


    Жамғармалар билан қандай ишлаш зарур: банк омонатлари, акциялар ёки инвестицион пакетлар? (давоми)


    ZTE корхонаси GSMA М360 Евросиё форумида суний интеллект рақамли иқтисодиёт ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида маълумот берди


    Илғор қурилиш технологиялари асосида қад ростлаётган Қуйи Чотқол ГЭС


    ANORBANK Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан 10 миллион АҚШ долларига тенг келишув имзолади


    Centrum Air Истанбул ва Ўзбекистоннинг уч шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда


    Оқтепа Лавашдан “Кулгили нархлар”: севимли таомлар — ҳар бир позиция 10 мингдан 20 минг сўмгача бўлган махсус нархларда


    AKFA Medline University Hospital AHA расмий ўқув маркази мақомини қўлга киритди


    APEX BANK Тошкентда Бош офис ва Марказий сотув офисини очди


    Тармоқда болалар хавфсизлиги : Octobankдан маслаҳатлар



    Kapitalbank ходимларининг рақамли кўникмаларини ривожлантирмоқда 


    Huawei Ўзбекистондаги “Теч Carnival”да Интеллектуал дунё ривожини жадаллаштирмоқда


    Энг чуқур ғор, энг баланд кўприк ва энг сирли маскан – Наманганга борамиз

     

    Тавсия этамиз

    Аёл овчилардан илғор самолётларга қадар — Украина рус Shahed’ларини қандай овлайди?

    19 май, 20:10

    “Ленд-Лиз” ёрдами совға бўлмаган — Британия иккинчи жаҳон урушида берилган ёрдамни қандай қайтарган эди?

    19 май, 15:00

    “Ёвузлик империяси заминимизга ҳеч қачон қайтмаслиги учун” — жамоатчилик ўроқ-болғали қизил байроқ ва қора-оловранг лентани тақиқлашни сўрамоқда

    13 май, 22:22

    Улар доим дунёда энг яхшиларидан бўлган — покистонлик ҳарбий учувчилар ҳақида

    12 май, 21:30
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Исроил барча фаол пиёда ва зирҳли бригадаларини Ғазога киритди 

    Дунё | 25 май, 19:15

    Трамп Гарвард университетида ўқийдиган хорижлик талабалар маълумотини сўради 

    Дунё | 25 май, 18:40

    Европанинг икки топ клуби япониялик футболчи учун курашмоқда

    Спорт | 25 май, 18:21

    Қозоғистонда чигирткаларга қарши дронлардан фойдаланилади

    Қозоғистон | 25 май, 18:10

    Ўзбекистон ва Венгрия вагонсозлик соҳасида биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

    Ўзбекистон | 25 май, 17:40

    Путиннинг Курск вилоятига ташрифида дронлар ҳужум қилган — ОАВ 

    Дунё | 25 май, 17:11

    Хави Осиё қитъасига қайтиши мумкин

    Спорт | 25 май, 16:40

    Ўзбекистонда экологик назоратда сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланилади

    Ўзбекистон | 25 май, 15:50
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.