Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ўтмишдоши Миллатлар Лигаси сингари бутун дунёда йирик урушларнинг олдини ололмай қолди. Натижада БМТни реформа қилиш масаласи кўп доираларда кенг муҳокама этилмоқда.
Дарҳақиқат, дунёдаги мавжуд сиёсий тартибот инқироз кўчасига кириб қолгандек таассурот уйғотмоқда. Урушларнинг олдини олиш учун дунёда янги тартиботни шакллантириш керакми? Агар янги тартиботга зарурат сезилаётган бўлса, у қандай бўлиши лозим?
“Дарё” ушбу мавзу доирасида сиёсатшунослар Ойбек Сирожов ва Хайрулла Умаров билан суҳбатлашади.
— Суҳбатимиз бошида дунё тартиботининг моҳияти тўғрисида тўхталиб ўцак. Дунё тартиботи ўзи нима?
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Дунё тартиботи — бу халқаро муносабатлар назариясидаги энг муҳим масала ҳисобланади. Сиёсатшунослик фанида бир нечта мактаблар мавжуд. Улар ичида сиёсий реализм мактаби ўз ёндашувида куч масаласига алоҳида эътибор беради. Агар тарихга назар солсак, қадимдан ғолиб давлатлар ўз атрофидаги давлатларга ўз тартиботини сингдириб келганини кўришимиз мумкин. Тарихда 2-3 та давлат ўзаро бир-бири билан муносабатларни шакллантирган бўлса, глобаллашув даврида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар анча торая бошлади. Наполеон даври (1804-1814)дан бошлаб ғолиб давлатлар халқаро муносабатлар тизимини тартибга солиш учун ўзларининг ғояларини илгари суришган ва ҳар доим ғолиб давлат дунё тартиботини шакллантириб келган. Сиёсатшунослик нуқтаи назаридан бу табиий жараён. Кучлар мувозанати ўзгарганида, мувозанатни тартибга келтириш мақсадида урушлар юзага келган.
Биринчи жаҳон уруши (1914-1918)дан сўнг Миллатлар Лигаси ташкил этилди. Бироқ Германияда янги бир кучнинг юзага чиқиши натижасида бу тизим ўз моҳиятини йўқотди. Бунинг оқибатида Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945) юзага келди. Урушдан сўнг янги дунё тартиботи шаклланди. Бироқ Совет Иттифоқининг парчаланиши билан икки қутбли дунёнинг ниҳоясига етиши ҳамда баъзи давлатларнинг шаклан ўзгариши янги куч томонидан янги бир жаҳон тартиботини шакллантиришга нисбатан мойилликларни юзага келтирди.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Дунё тартиботи — бу жаҳонда маълум бир қонун-қоидалар асосида яшаш. Албатта, юқорида айтилганидек, дунё тартиботини кучли мамлакатлар ёки ғолиб давлатлар шакллантиради ва назорат қилади. Дунё тартиботисиз дунёнинг ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда жаҳон саҳнасида 200 дан ортиқ мамлакат мавжуд. Агар бу ерда маълум бир тартиб бўлмаса, анархия юзага келади. Айнан шу нуқтаи назардан тартибот муҳим.
Дунё тартиботининг юзага келиши аслида узоқ тарихга бориб тақалади. Масалан, XVII асрда Вестфал шартномаси асосида илк тартиботлар шаклланди. Ушбу тартибот вақт ўтиши билан ўзгариб борди. Чунки жаҳон саҳнасида беқарорликларнинг ортиб кетиши ёки дунё биринчилиги учун янги кучнинг кураш бошлаши ва бу кучга нисбатан бошқа давлатлар бирлашиб, уни енгиши янги дунё тартиботини юзага келтирган. Бунга Наполеон Бонапарт ва Адолф Гитлер мисол бўла олади. Бу тенденция ҳозиргача давом этиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, дунё тартиботи зарур, усиз дунёни тасаввур қилиб бўлмайди.
— Нега Иккинчи жаҳон урушидан кейин вужудга келган ва Совет Иттифоқи парчалангач бир мунча ўзгарган дунё тартиботи бугун инқироз кўчасига кириб қолди?
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Юқорида айтиб ўтганимдек, халқаро муносабатларда асосий ролни қонун эмас, куч ўйнайди. Яъни халқаро майдонда ким кучли бўлса, ўша ҳақ! Совуқ уруш даврида ҳар доим икки куч бир-бирини доим тийиб турган. Масалан, Вьетнам, Корея ва Яқин Шарқда юзага келган можароларда бир томон урушга аралашса, иккинчи томон уни тийишга ҳаракат қилар эди. Бугунги кунда Совет Иттифоқи мавжуд эмас, Россияда эса Совет Иттифоқи даражасида куч йўқ. Табиийки, кучли давлатлар бошқа кучсиз давлатлар билан ҳисоблашишни истамайди. Албатта, бугун АҚШ дунёдаги ягона қудратли давлат. Буни Збигнев Бжезинский ҳам ўзининг “Буюк шахмат тахтаси” асарида ёзиб ўтган.
90 йилларнинг бошида АҚШ ўзини “дунё полицияси” деб эълон қилди. Лекин 1994 йилда Бухарестдаги саммитда АҚШ ва Россия раҳбарлари ўртасида бўлган зиддият яна дунёда икки куч ўртасидаги курашни бошлаб берди. Бироқ Россия анча кучсизланган. АҚШ эса Шарқий Европа давлатлари ҳисобига ўз тарафдорларини кўпайтириб олди. Бугунги жаҳон тартиботига баҳо беришда мана шу масалаларни ҳам инобатга олиш керак.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Менинг назаримда, бугунги дунё тартиботи инқирозга учрашига иккита сабаб мавжуд. Биринчиси — дунё тартиботини шакллантирган Ғарб ёки АҚШ, ўзи жорий қилган қонун-қоидаларга риоя қилмай қўйди. Бунга ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Яъни, АҚШ ўзи илгари сурган тартиботни ўзи бузиши бошқа давлатларнинг норозилигига сабаб бўлди. Иккинчиси — вақт ўтиши билан жаҳон сиёсий саҳнасида янги геосиёсий кучлар пайдо бўла бошлади. Мисол учун, Хитой кучайишни бошлади, Россия ўз қудратини аста-секин тиклади. Яъни давлатлар кучайгани сайин, уларда мавжуд тартиботга нисбатан норозилик кучайиб боради. Масалан, Адолф Гитлер кучайиб кетгач, ўша вақтдаги мавжуд дунё тартиботига амал қилмай қўйган. Демак, Хитойнинг кучайиши ва Россиянинг қайта оёққа туриши мавжуд бир қутбли дунёга нисбатан норозилик шаклланишига сабаб бўлди. Украина ҳамда Яқин Шарқдаги можаролар мавжуд дунё тартиботи инқирозга учраганини кўрсатмоқда.
— Дунё тартиботи негизида нима туриши керак? Масалан, Самюэль Ҳантингтон дунё тартиботи асосида цивилизациялар бўлиши кераклигини айтади.
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Самюэль Ҳантингтондан олдин Франсис Фукуямани алоҳида айтиб ўтиш керак. Чунки Ҳантингтоннинг илгари сурган назарияси Франсис Фукуяма илгари сурган ғояга жавоб бўлган. Фукуяма “Тарих интиҳоси” деб номланган асар ёзган. У ўз асарида “Совет Иттифоқи парчаланди, энди тарих тугадими?” деган масалани кўтаради. Самюэль Ҳантингтон эса бунга жавобан энди дунёда цивилизациялар ўртасида кураш авж олишини ёзган. Масалан, Украина ва Россия ўртасида юзага келган урушда ҳам дин омили муҳим рол ўйнади. Чунки Украина асосан католик, Россия эса православ динига эътиқод қилади.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Ҳантингтон илгари сурган цивилизациялар тўқнашуви ғояси анча баҳсли масала. Хайрулла ака, сиз Украина ва Россия можаросини мисол қилиб келтирдингиз. Аммо улар йиллар давомида тинч-тотув ҳаёт кечирган эди-ку! Нега айнан шу даврга келиб, бу икки давлат ўртасида низо келиб чиқди? Ваҳоланки, Украинада ҳам православ йўналишида эътиқод қилувчилар кўп. Шу нуқтаи назардан, Украина—Россия урушига цивилизациялар тўқнашуви сабаб бўлди, деган фикрга қўшилмайман. Бу ерда барибир манфаатлар тўқнашуви устувор аҳамиятга эга.
Дунё тартиботи ўзагини куч ташкил этади. Яъни ким кучли бўлса, ўша янги дунё тартиботини шакллантиради. Кучли давлатларнинг ўзгариб бориши натижасида, мавжуд тартибот ҳам секин-аста ўзгаришга эҳтиёж сеза бошлайди.
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Тўғри айтдингиз. Кучли давлат дунё тартиботини ўрнатади ва бошқалардан унга амал қилишни талаб қилади. Лекин кучли давлат айрим ҳолатларда ўзи ўрнатган тартиботни бузиши ҳам мумкин. Масалан, БМТ доирасида жаҳон тартиботи амалга оширилади. Бироқ Қўшма Штатлар куч ишлатмоқчи бўлса, буни БМТ орқали эмас, балки НАТО орқали амалга оширади.
— БМТ ўз ўтмишдоши Миллатлар Лигаси сингари йирик урушларнинг олдини ололмай келяпти. Натижада БМТ реформаси масаласи кўп доираларда кенг кўтарилмоқда. Умуман, янги шаклланаётган жаҳон тартиботида БМТнинг ўрни қандай бўлади? Айниқса, Хавфсизлик кенгаши фаолияти механизмлари ва вето масаласи қандай ўзгаради?
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Халқаро ташкилотларнинг асосий мақсади — қудратли давлатларга олиб бораётган сиёсатига легитимлик бериш ҳисобланади. Исталган ташкилотда битта етакчи давлат бўлиб, унинг атрофида кичик давлатлар жамланган бўлади. БМТ Иккинчи жаҳон урушидан кейин ғолиб давлатларнинг тартибот тизимини шакллантириб берган. Лекин ғолиб давлатлар ҳам икки гуруҳга бўлинган эди. Ҳозир кучлар мувозанати ўзгарди. Ҳатто Ўзбекистон Германия, Япония ва Ҳиндистонни Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сафига киритиш таклифи билан чиққан эди.
БМТни ислоҳ қилиш борасида кўплаб сиёсатшунослар турли фикрларни илгари суришган. Масалан, шахсан ўзим БМТни тарқатиб юбориш керак, деб ҳисоблайман. Биринчидан, бу ташкилот Совуқ урушнинг атрибути. Иккинчидан, катта давлатларнинг манфаатини илгари суради. Учинчидан, халқаро муносабатларни тартибга сола олмай қолди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, БМТ Қўшма Штатлар манфаатлари асосида иш юритади ва ташкилотни АҚШ молиялаштиради. Шунинг учун БМТни тарқатиб юбориш керак ва геосиёсий мактаблар асосида янги бир халқаро ташкилотни яратиш лозим. Бу ташкилот маркази Германияда бўлиши зарур. Чунки Германия Европа Иттифоқида ўзига хос ўрин эгаллаган. Бундан ташқари, Германия Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушининг азиятларини ўз бошидан ўтказган. Немис халқи бошқа бундай фожиалар бўлишига йўл қўймайди. Германиянинг дунёдаги уруш масалаларидаги фикрлари ҳам ўзига хос бир йўналиш касб этади.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Биринчи жаҳон урушидан кейин дунё давлатлари “битта мамлакатга дунёга арбитр бўлиш имконини бермаслик керак”, деган тўхтамга келди ва мана шу масалада маълум бир давлатларни тийиб турадиган ташкилотга эҳтиёж пайдо бўлди. Шу эҳтиёж замирида Миллатлар Лигаси ташкил этилди. Ўз ўрнида Миллатлар Лигаси ҳам катта ишларни қилди. БМТ ҳам айнан Миллатлар Лигаси тажрибаси асосида юзага келди. Менимча, БМТни тарқатиб юбориш эмас, балки уни ислоҳ қилиш керак. Чунки бу ташкилот 190 дан ортиқ давлатларни ўзига бирлаштира олган. Бундан ташқари, давлатлар учун БМТ минбари ўз сўзини айта олиш учун ягона минбар.
Шунингдек, дунё тартиботини ислоҳ қилишга яна бир муҳим сабаб бор. БМТнинг асосини Хавфсизлик кенгаши ташкил этади. Хавфсизлик кенгашида 5 та давлат мавжуд. Аслида Хавфсизлик кенгашининг асосий вазифаси — дунёда тинчликни ўрнатиш ва кимдир уруш бошласа, уни тийишдан иборат эди. Энг қизиғи, бугун Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг ўзи уруш чиқармоқда. Мисол учун, АҚШнинг БМТ резолюциясисиз Югославия ва Ироққа кириши. Россиянинг Украинага бостириб кириши. Оқибатда БМТ ўзининг моҳиятини йўқотди. Чунки ташкилот суянадиган кучларнинг ўзи мавжуд тартиб-қоидаларга амал қилмаяпти. Мана шунинг ҳисобига БМТ инқироз кўчасига кириб қолди.
Янги дунё тартиботи шаклланар экан, БМТга ўхшаш ташкилотга эҳтиёж сезилади. Менимча, катта давлатлар маълум бир консенсусга келсагина, янги ташкилот тузилиши мумкин. Лекин бошқа кучлар бунга қарши бўлади.
— Бугунги зиддиятли вақтда йирик куч марказлари ўзаро келиша оладими? Агар келиша олишмаса, нима бўлади?
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Бугун йирик кучлар келиша олмаяпти. Охирги юз берган воқеаларни олиб қарасак, дунё қандай эканлиги очиқ намоён бўлди. Ўзлари жорий қилган тартибга ўзлари амал қилмаяпти. Масалан, Фаластин давлатини ташкил этиш масаласи БМТ доирасида бир неча бор кўтарилган. Лекин АҚШнинг Хавфсизлик кенгаши доирасида билдирган ветоларининг 80 фоизи Исроилни ҳимоя қилишга қаратилган. Мана шунинг ўзи ҳам БМТ ва АҚШга баҳо беради.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Фаластин ҳудудида мустақил Исроил давлати шакллантирилди. Лекин нега Фаластин давлати ташкил этилмади? Менинг назаримча, энг катта муаммо шу ердан бошланган. Агар бу ерда Исроил давлати билан бирга мустақил Фаластин давлати ташкил этилганида, масала бу даражада жиддийлашиб кетмаган бўлар эди. Бугун дунё геосиёсатдаги маълум бир ўйинларнинг мевасини кўриб турибмиз. Агар масалага ўзаро консенсус назаридан ёндашилса, масалани айнан шундан бошлаш зарур. Шунда кўп масалалар ечилиши мумкин.
— Масалага Ўзбекистон манфаати нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, қандай тартибот бўлгани маъқул?
Хайрулла Умаров, сиёсатшунос:
— Биринчи президентимиз ҳам, амалдаги давлат раҳбари ҳам халқаро муносабатларда ҳар доим дунёда тинчлик ва барқарорлик бўлишини илгари суришган. Ўзбекистон ўз манфаати нуқтаи назардан турли ташкилотларда фаолият олиб боради. Ўйлайманки, 30 йил ичида кўплаб ишлар амалга оширилди. Биз ҳозир ўз минтақамиз доирасида тартибот тизимини шакллантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзбекистон ҳам маълум қудратга эришгач, биз ҳам “шахмат дона” суришимиз мумкин.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
— Ҳар бир давлат ўзига хос тарзда дунё тартиботини шакллантиришни истайди. Масалан, АҚШ ҳозирги мавжуд тартибот сақланиб қолишидан манфаатдор. Хитой икки қутбли дунё шаклланишини истамоқда. Энди Ўзбекистон манфаати нуқтаи назардан ёндашсак, биз кўп қутбли дунё шаклланишидан манфаатдормиз. Мана шу қутблар орасида туркий дунё алоҳида бир дунё бўлиши керак.
Икки қутбли дунё бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди. Сабаби дунё икки қутбли бўлганидан кейин қайсидир қутб ўз тарафига бошқа давлатларни тортишга ҳаракат қилади. Шунинг учун биз кўпроқ кўп қутбли дунё шаклланишидан манфаатдормиз.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ (0)