Марказий банк бугун, 5 май куни яна бир банкка фаолиятини бошлаш учун лицензия берди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви Тошкент шаҳрида “Янги банк” акциядорлик жамиятини рўйхатдан ўтказиш ва унга банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда иккита янги банк фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.
Жорий йилнинг 17 март куни 2 та банк — “Apex Банк” ва “Ҳаёт Банк” акциядорлик жамиятига фаолиятини бошлаш учун лицензия берилган.
Сўнгги 5 йилда Ўзбекистон банк тизимида рақобат активлар бўйича ҳам, кредитлар бўйича ҳам, депозитлар бўйича ҳам ортиб бормоқда.
Давлат улуши мавжуд энг йирик топ-5 банкларнинг (“Ўзмиллий банк”, “Саноатқурилишбанк”, Асака банк, Ипотека банк, Агробанк) банк тизими активларидаги улуши 70,9 фоиздан 60,5 фоизгача камайди.
Давлат улуши мавжуд бошқа банклар улуши 11 фоиздан 18 фоизгача ошган бўлса, хусусий банклар улуши 18,1 фоиздан 21,5 фоизгача кўпайди.
2025 йилга бориб, банк тизими активларининг умумий ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари улушини 60 фоизгача ошириш режалаштирилган.
Мазкур даврда банк тизимига Тенге банк, TBC банк, “Анорбанк”, Uzum (Apelsin) bank ва Пойтахт банк кириб келди. Ушбу банкларнинг жами активлардаги улуши 1,8 фоизга етди.