Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Қ.Ш. Бухоро туман ҳокимлиги захирасидаги 10 сотих ер майдонини фуқаро С.О.га фирибгарлик йўли билан сотишга келишгани аниқланган. У ер майдони ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб 11,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Н.Ж. ва Б.И. “Қурилишчи” МФЙ ҳудудидан 2 сотих ер майдонини фуқаро Ш.С.га кадастр бўлимида ишловчи танишлари ёрдамида расмийлаштириб олиб беришлари эвазига 88 миллион сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Навоийда 80 гектар ерни 1 млрд сўмга сотишга уринган шахслар қўлга олингани, Самарқанд ва Фарғонада ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.