Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига “Рёдан” халқаро ёшлар ҳаракатининг мухлислари Ўзбекистонда ҳам борлиги тўғрисида хабар келиб тушди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган “Рёдан” халқаро ёшлар ҳаракати мухлислари дастлаб интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлган. Улар япон анимация санъати мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган.
Бироқ вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлган. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилган. Бунинг оқибатида тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошлаган.
“Айни пайтда “Рёдан” ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия, Украина, Беларусь ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади. Биз юртимизда бундай оқибатларнинг олдини олишимиз керак.
Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга эътиборли бўлинг, уларнинг қизиқишларини ўрганинг, айниқса, субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлманг. Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Фарзандларингизнинг ҳаётига, уларда кечаётган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг. Шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади”, — дейилади бошқарма хабарида.