Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев 3 март куни Чимкент шаҳрида норасмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбарлари икки мамлакат бош вазирлари ўринбосарлари, махсус ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг имзоланган битимлар ва қабул қилинган қарорлар ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботларини тинглаган.
Президентлар саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берган.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилган. Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган. Учрашув ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтган.
Изоҳ (0)