Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида республика пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан мулоқот қилмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Давлат раҳбари 2023 йилда 100 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерлар аҳолига берилаётганини айтди.
“Бунда, Андижонда – 2 минг гектар, Наманганда – 2,7 минг ва Фарғонада – 2,2 минг гектар пахта майдони қисқаради. Бу – 24 минг тонна пахта хом ашёси, дегани. Ушбу йўқотишни қоплаш учун, ҳосилдорликни 1,5-2 центнерга ошириш керак. Ушбу марраларни олиш учун, сизларга барча шароитлар яратилади, янги имкониятлар ва қўшимча ресурслар берилади. Шу боис, ўтган ҳафтада кластерларни янада қўллаб-қувватлаш ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга молиявий кўмак бериш, бўйича янги қарорни имзоладим. Кластерлар пахта етиштиришга ўғит, уруғ, ёқилғи учун, имтиёзли кредитларни исталган вақтда олиш имконига эга бўлади. Кластерларга ғўза навларини мустақил жойлаштиришга, четдан ҳосилдор навларни селексия учун олиб келишга рухсат берилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришни илм билан боғлаш мақсадида, ҳар бир кластерга пахтачилик илмий ташкилотлари ва Агрохизматлар марказлари бириктирилаяпти”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент лазерли текислагичларни сотиб олишда, улар қийматининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши ҳақида гапирди.
“Бундан ташқари, пахта майдонларини насосда суғоришда электр харажатлари 50 фоизи қоплаб берилади (бунга 117 миллиард сўм, шундан водийга 30 миллиард сўм ажратилади)”, — деди давлат раҳбари.