Бугунги кунда Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаб келмоқда. Бу ҳақда 2 февраль куни ўтказилган брифингда Республика ОИTСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуратова маълум қилди.
Унинг қайд этишича, ўтган йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этиб, Халқаро ташкилотлар томонидан 20 фоиз ҳолатларда дориларни Ўзбекистонга олиб кирилиши ҳамда касаллик аниқланиши биланоқ, барча беморларга дори воситаларини бериб бориш йўлга қўйилди.
18 ёшгача бўлган ОИВ инфекциясига чалинган болаларга ижтимоий нафақалар бериб борилиши йўлга қўйилган.
2023 йилда “Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023—2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури”ни амалга ошириш мақсадида 120 миллиард сўм ва 54 миллион доллар йўналтирилади.
Мазкур дастур доирасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида ҳар йили камида 3 миллион аҳоли текширувлар билан қамраб олинади.
ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилажак 2 минг нафардан ортиқ 6 ойгача бўлган болалар қуруқ сут аралашмалари билан таъминланади.
2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизимини жорий этилади.
Бундан ташқари мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида камида 50 нафар тиббиёт ходимларини хорижга малака оширишга юбориш, ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилган.