Тошкент шаҳар ИИББда 17 январь куни ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида пойтахтнинг айрим туманларида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш борасида сақланиб қолаётган тизимли муаммолар ва уларнинг ўз вақтида ечимини топишга бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод ва Бектемир туманлари учун, мавжуд имкониятларни ишга солиб, барча ресурсларни адолатли тақсимлаш, муаммоли маҳаллаларда фуқароларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш бўйича ИИВ масъул этиб бириктирилган.
Йиғилишда туманларга бириктирилган ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик, электр, газ, иссиқлик энергия корхоналари раҳбарларидан иборат ҳар бир туман кесимида ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган қатор чора-тадбирлар белгиланди, жумладан:
- табиий газ таъминоти бўлмаган маҳаллаларга, суюлтирилган газ ёки кўмир етказиш, уйма-уй юриб ҳамда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида аҳолига ёнғин, чақнаш, ис гази ёки тутундан заҳарланиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш борасидаги хавфсизлик чораларни тушунтириш;
- иссиқлик энергия ва иссиқ сувни аҳолига ўз вақтида етказилишини назорат қилиш, табиий газ босимини таъминлаш бўйича маҳаллабай чораларни кўриш;
- ҳар бир авариявий ҳолатни зудлик билан бартараф этиш, электр таъминотининг режали ўчирилиши ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш ва унга қатъий амал қилишни таъминлаш;
- совуқ кунларда қарздорлик деб, хонадонларни электр ва газдан узилишига йўл қўйилмасликни таъминлаш;
- уйма-уй юриб, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни вақтинчалик иссиқ жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш;
- фаолият юритаётган меҳрибонлик уйлари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, уларда мавжуд шароитларни доимий яхшилаб бориш;
- маҳаллалар, мактаблар, шифохоналар, савдо дўконлари ва бозорлар атрофини қор ва музламалардан тозалаш, фуқаролар учун хавфсиз шароитларни яратиш;
- аҳолига энергия ресурсларини етказиш учун масъул бўлган барча корхона раҳбарлари ва масъул ходимлар томонидан совуқ кунларда кучайтирилган тарзда иш олиб боришини ташкиллаштириш каби вазифалар топширилди.
- барча энергетик (газ ва электр) объектлар, диспетчерлик бўлимлари мавжуд биноларида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг навбатчилигини ташкил этиш;
- ҳар бир маҳаллада электр, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ҳамда иссиқлик таъминотини белгиланган вақтида ва меъёрларда аҳолига етказиш ишларини назорат қилиш;
- бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда энергия ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатларга барҳам бериш бўйича манзилли рейдлар ўтказиш;
- масъуллар томонидан Бектемир, Яшнобод, Чилонзор, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида аҳолининг муҳтож қатламларига кунига бир маҳал иссиқ овқат тайёрлаш ва уйларига етказиш ташкиллаштириш;
- вазирликка қарашли тиббиёт хизматларидан алоҳида мобил гуруҳлар тузилиб, фуқароларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларини уйма-уй юриб хонадонбай ўрганиш ва аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриш;
- вазирликнинг имкониятларидан фойдаланиб, ҳар бир туман ва маҳалла кесимида етарли хамда ҳарбий дала палаткаларини ажратиб тўлиқ жиҳозланган «исиниш пунктлари»нинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш;
- вазирлик академияси базасида оғир вазиятлар юзага келганда фуқароларни жойлаштириш учун 100 та оилага мўлжалланган яшаш хоналарини ташкил этиш белгиланди.
Изоҳ (0)