Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражап Тоййиб Эрдўғон ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни «Туркий дунёнинг олий ордени» билан мукофотлади.
«Сизнинг барча қардош элларимизга бўлган чексиз меҳру муҳаббатингиз, ҳурмат ва эҳтиромингизни ҳаммамиз яхши биламиз ва алоҳида қадрлаймиз. Туркий давлатлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг манфаат ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суриш борасидаги жонбозлигингиз ҳам албатта таҳсинга сазовор» — деган Мирзиёев Туркия президентига.
«Туркий дунёнинг улуғ мукофоти билан тақдирланганимдан бахтиёрман. Бу мукофотнинг айнан Самарқандда топширилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бунинг учун ўзим ва халқим номидан миннатдорлик билдираман», — деган Ражап Тоййиб Эрдўғон.
«Муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедов Жаноби Олийлари ўзининг кўп қиррали фаолияти, қимматли илмий-маърифий асарлари билан кенг жамоатчилик эътиборига сазовор бўлиб, айниқса ёш авлод тарбиясига катта ижобий таъсир кўрсаётганини алоҳида таъкидлаш менга мамнуният бағишлайди. Сизнинг анжуманимиздаги фаол иштирокингиз ва билдирган тарихий қарор ва ташаббусларингиз катта аҳамиятга эга», — деган Ўзбекистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга қарата.
« ‘Туркий дунёнинг олий ордени’ — туркман халқига берилган мукофотдир», — деган Бердимуҳамедов бунга жавобан.
Шунингдек, марҳум атоқли адиб Чингиз Айтматов Турк дунёси бирлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун Алишер Новоий номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди. Мукофот Садир Жапаровга топширилди, у Айтматов музейига жойлаштирилади.
«Туркий дунёнинг олий ордени» 2019 йилдан бери саммит иштирокчиларига топшириб келинади. Бокуда ўтказилган саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга ушбу орденни топширган эди. 2021 йилда эса Туркия президенти Озарбайжон етакчисини ушбу орден билан мукофотлаган.