Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги гашиш моддаси мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи фуқаро (1976 йилда туғилган) 10 килограмм 701 грамм гашиш гиёҳванд моддасини контрабанда йўли билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб ўтиб, хуфиёна жойга яширган вақтида қўлга олинган.
Тожикистонлик наркосавдогарлар унинг курьерлик хизматига 1200 доллар бериши керак бўлган.
ДХХнинг Қорақалпоғистон бўйича бошқармаси ходимларининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Бухоро—Амударё йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Lacetti Тўрткўл туманидаги «Мискин» ЙПХ масканида тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда унда йўловчи сифатида кетаётган Амударё туманида яшовчи муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган фуқаро (1968 йилда туғилган) ёнида 2 килограмм 39 грамм опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, гиёҳванд модда Тожикистондан Бухоро вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида яшовчи фуқаро (1979 йилда туғилган) бошқарувидаги Lacetti автомашинаси пойтахт ҳудудига кирган вақтида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унинг салон қисмида Қирғизистондан ноқонуний олиб ўтилган 11 228 дона «Регапен» ва 595 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг 1988 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар жиноий шериги ҳам ушланган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳудудида кузатилган яна бир шунга ўхшаш ҳолатда Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро (1986 йилда туғилган) Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқарога (1987 йилда туғилган) 5488 дона «Регапен» ва 1 188 дона «Тропикамид» дори воситаларини берган вақтида уларнинг ҳар иккиси ҳам қўлга олинган. Шунингдек, дориларни қабул қилиб олган шахснинг яшаш хонадонида 224 дона «Регапен» дори воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказиб, Тошкент шаҳрига юборган Андижон шаҳрида яшовчи шахс (1986 йилда туғилган) ҳам ушланган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 10 килограмм 701 грамм гашиш, 2 килограмм 39 грамм опий гиёҳванд моддалари ҳамда 16 940 дона «Регапен» ва 1 783 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.