2022 йил 25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотида катта миқёсдаги узилишлар содир бўлди. Айни вақтда учала давлат ҳам ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқда. «Vzglyad.ru»нинг ёзишича, тахминлардан бирига кўра блекаутда криптовалюта майнерлари айбдор бўлиши мумкин. Қуйида шу ва бошқа тахминлар ўрганиб чиқилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қозоғистон блекаутда Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетикларини айблаган.

«2022 йил 25 январда Нур-Султон вақти билан соат 11:59 да Марказий Осиё энергия тизимида (Ўзбекистон, Қирғизистон) юзага келган авариявий вазият туфайли «Шимол–Шарқ–Қозоғистон жануби» 500 киловаттли электр энергияси транзитида юклама ортиб кетди», – дея хабар берган Қозоғистонда электр тармоқларига масъул оператор KEGOC.

Оқибатда «Шимол–Шарқ–Қозоғистон жануби» транзитида ҳам авариявий ҳолат кузатилган. Ягона энергетик ҳалқага бирлашган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда электр таъминоти ўчган.

Ўз навбатида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «свет»нинг оммавий ўчишида Қозоғистонни айблади ва ҳодисанинг келиб чиқишига у ердаги электр тармоқларидаги авария сабабчи эканини маълум қилди.

Аслида нима бўлган? Аввало Собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё ягона бирлашган энергия тизими бўлганини тушуниб олиш зарур. Аввал бу тизимга Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг жанубий қисми кирган. Қозоғистон шимоли Россия ССР энергия тизимида бўлган ва Урал ҳамда Сибир Россия энерготизимлари билан синхрон равишда ишлаган. Қозоғистон шимоли ва жанубида электр энергияси масалалари 1991 йилда мамлакат мустақилликка эришганидан кейин муаммога айланган. «Шимол—Жануб» линиясини қуришга тўғри келди ва у иккига бўлинган мамлакат энергия тизимларини бирлаштирди. Мамлакат шимолида уч асосий генератор қувват – уч гидролелектростанция жойлашган.

СССР парчаланганидан кейин Тошкентда ягона диспетчерлик марказига эга Марказий Осиё энергия тизими ҳам йўқ бўлди. Аммо 2018 йилдан кейин Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ихчам бирлашган энергия тизимига қайтишга қарор қилди. Энергия ҳалқаси учун инфратузилма ҳанузгача сақланиб турганди. Бирлашган энергия тизимлари иқтисодий нуқтаи назардан барча томонларга фойда келтиради, бир мамлакатлардаги узилишлар бошқа томоннинг профицитлари ҳисобига қопланади.

Бу каби энергетик бирлашувлар талай топилади. Европа иттифоқида ҳам шундай энергия тизими мавжуд — Совет иттифоқи давридан бери БРЕЛЛ, яъни Беларусь, Россия, Эстония, Литва ҳамда Латвия тизими ва жаҳонда яна бошқа электр тизими бирлашмалари бор.

Бунда одатий вазиятда уч мамлакатнинг ягона бошқарув маркази бўлганида ҳодисани прогноз қилиш осонроқ кечарди, дейди «Vzglyad.ru» эксперти. Унинг сўзларига кўра, шундай қилинганда авария содир бўлган тақдирда ҳам унинг таъсири муайян электр линиясидаги кам сонли истеъмолчиларга сезиларди, бошқа энергетик линияларнинг ўчиши, катта электр танқислигининг олди олинарди.

Экспертнинг тушунтиришича, агар бир мамлакатнинг электр энергиясида талаб ошиб кетса, тизимда кучли юклама ва аварияларнинг олдини олиш учун давлат ўз резервларидан фойдаланиши керак (Ўзбекистонда улар мавжуд ва шундай қилинган). Захира муқобил манбалари бўлмаган тақдирда (Қирғизистонда шунда бўлиши мумкин), истеъмолчиларнинг муайян қисми учун электр таъминотини вақтинча ўчириш лозим.

Яна бир муҳим масала – нима учун Ўзбекистон ва Қирғизистонда электр энергияси истеъмолининг бу қадар пастлаб кетгани? Тахминлардан бирида электр таъминотидаги катта узилиш юз беришига майнерлар сабабчи экани айтилган. Тасдиқланган маълумотларга кўра, Қозоғистонда катта авария содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ахборотлар бўлган, бироқ ҳукумат ушбу муаммолар ҳақида тегишли томонлар (Ўзбекистон ва Қирғизистонни) огоҳлантирмаган.

«Ушбу тахминга кўра, Қозоғистонда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва бугунги кундаги стандартларга мослаштириш учун етарлича эътибор қаратилмаган. Хитойда майнинг фермалари фаолияти тақиқланганидан кейин майнерлар Қозоғистонга кириб келган, электр энергиясига талаб ошган, тармоқ эса сифат талабларига жавоб бермаган», – дейди Россия миллий энергетика хавфсизлиги фонди ва Молия университети эксперти Станислав Митрахович.

Авариядан кейин Қозоғистоннинг KEGOC оператори криптовалюталар майнинги билан шуғулланувчи компанияларнинг электр тармоқларини ўчиришга қарор қилди. KEGOC компанияларга ўчирилиш юз бериши ҳақида огоҳлантириш хатлари ҳам чиқарган. Оператор уларни аварияда айбламаган, лекин ушбу қарорни энергетикадаги вазият оғирлашгани билан изоҳлаган.

KEGOC оператори криптовалюталар майнинги билан шуғулланадиган компанияларга чиқарган огоҳлантириш хатининг ижтимоий тармоқларда тарқалган нусхаси

Фото: Telegram

«Менимча майнинг истеъмолнинг ошишига олиб келади, лекин электр энергияси таъминотида кескин сакрашлар кузатилмайди. Майнинг қурилмалари доимий равишда ишлаб туради ва истеъмолдаги бу каби кескин кучланишлар унга ҳам оғирлик қилади», – дея изоҳ берган «Vzglyad.ru» эксперти.

Унинг сўзларига кўра, бу каби кескин сакрашлар аҳолининг электр истеъмоли ва баъзида хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари фаолиятида юз беради.

«Марказий Осиё учун анча оммавийлашган воқеа. Чунки минтақада электр энергияси аҳоли учун анча арзон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда электр токидан хонадонларни иситишда ҳам фойдаланилади. Шу сабабли эҳтимол ҳаво ҳароратининг пасайиши ёки яна бошқа бир нечта факторлар, ишлаб чиқариш ва транспорт соҳасида ҳам талаб ортган бир вақтда турар жой секторида электр энергияси истеъмолининг ортишига олиб келган. Тошкент шаҳри ва Фарғона водийси каби аҳоли сони кўп ҳудудларда ҳам электрнинг ўчгани ушбу тахмин ҳақиқатга яқинроқ эканлигини англатади», – дейди нашр суҳбатдоши.

Блекаут юз берган куни тарқалган хабарларга кўра, Марказий Осиёда электр таъминоти Техасда содир бўлган блекаутдан фарқли равишда жуда тез тикланган. АҚШда ўтган йили қишда кузатилган совуқ об-ҳаво, қор бўронлари туфайли аҳоли уч кунга электр таъминотидан узилиб қолганди. Ҳа одамлар электр токи ўчганидан кейин талафот кўриши мумкин, кимдир лифтда ёки метрода қолиб кетади. Лекин бундай блекаутдан етадиган иқтисодий зарар унча катта бўлмайди. Бунга сабаб иқтисодий фаолликнинг, электр энергияси ўчган пайтда ишлаб чиқаришнинг тўхтаганида. Кондрацев иқтисодий зарарни бир неча ўн миллион долларга баҳоламоқда, экспертнинг фикрича бу Марказий Осиё иқтисодиёти учун у қадар катта ва қўрқинчли эмас.

Марказий Осиёдаги блекаут 40 миллиондан зиёд аҳолига таъсир кўрсатди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати энергетика тарихида юз берган йирик блекаутлар ҳақидаги инфографикани эълон қилган. 25 январь куни Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг алоҳида вилоятларида Марказий Осиё ягона электр тармоғида йирик авария юз бериши натижасида бир неча соат мобайнида электр таъминотида узилиш ҳолати кузатилди. Ҳодиса уч мамлакатнинг 40 миллиондан зиёд аҳолисига таъсир кўрсатди. Ҳалигача стратегик объектлар, ижтимоий муассасалар ва аҳолига электр энергияси етказиб бериш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Инфографика: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати