Наманганда Янги йил арафасида 200 дан ортиқ автомобиль ёрдамида йўлбарс шакли ҳосил қилинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Бунинг учун Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани, Юксалиш мавзесидаги бўш ер майдони танланди. 2021 йил 31 декабрь куни бу ерга йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, корхона ва ташкилотлар, автомактаблар ва кўнгилли ҳайдовчиларнинг машиналари тўплана бошлади. Кечга бориб улар ёрдамида кириб келган йил рамзи — йўлбарс тасвири ҳосил қилинди.
«Янги йил арафасида халқимизга яхши кайфият улашиш мақсадида шундай ташаббусга қўл урдик. Бу ҳақда эълон берганимиздан сўнг белгиланган ҳудудга турли манзиллардан машиналар оқими кириб кела бошлади. Кўриб турганингиздек, саъй-ҳаракатларимиз билан байрамона шакл ҳосил бўлди», — дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Эргаш Ҳайдаров.
Маълумот учун, бундан уч йил аввал Янги йил арафасида Наманганда 400 та машина ёрдамида рамзий арча ясалганди.