Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳужжатларда 1998 йил «ўлган» Анвар Жавҳаров нотариус ҳамда шаҳар прокурорини обрўсизлантириш, уларга туҳмат қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда ҳужжатларда «ўлган» фуқаро суд қилинган жараёнда қатнашган «Дарё» мухбири хабар берди.
Судда таъкидланишича, ўзининг тириклигини исботлашга уриниб, «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида чиқиш қилган Анвар Жавҳаров унинг «ўлик» экани ҳақида далолат берувчи сохта ҳужжатга асосланиб, уйини олди-сотди қилган нотариус «Р.Ў.га нисбатан Қарши шаҳар прокурори А.Ҳ. ҳеч қандай чора кўрмаяпти, улар бир-бирига қуда», деган маълумотни айтган. Бу эса бир-бирига ҳеч қандай қариндошчилиги бўлмаган нотариус ҳамда шаҳар прокурори шаънини топтаган.
Анвар Жавҳаровни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» банди (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) билан айблаган Қарши шаҳар 2-сонли ИИБ тергов бўлими терговчиси таъбири билан айтганда ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилган. Табиийки, судланувчи Жавҳаров судда буни тамоман рад қилган.
«Мен фақат ва фақат ўзимнинг тириклигимни исботлашга, ҳақ-ҳуқуқларимни поймол қилганларга чора кўрилишига уринганман», — дейди судда сўз олган Анвар Жавҳаров.
Маълум бўлишича, 1965 йил Қарши шаҳрида туғилган Анвар Жавҳаров шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида юритилган ҳисоб карточкасининг қўшимча маълумотлар бандида 1998 йил 23 июнь куни вафот этган дея ёзилган. Бу маълумот бўлимга 2008 йил 30 июнь кундаги 751-кирим рақамли ҳужжат асос бўлган. Жавҳаровнинг айтишича, унинг ўлими ҳақидаги ҳужжат ва аёлининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида кейинчалик у боридан айрилган.
«Турмуш ўртоғим Шаҳодат Шариповага берилган ишончнома сохта, ундаги имзо менга тегишли эмас. Менинг имзоимни сохталаштиришдан мақсад уйимни сотиб юбориш бўлган. Ва бунга эришишган», — дейди «Дарё» мухбирига бу ҳақда маълумот берган судланувчи.
Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди судьяси Ўктам Расулов раислигида кўриб чиқилаётган судда ОАВ вакиллари, хусусан, «Дарё» мухбирининг видео ҳамда аудиоёзув олишига рухсат этилмади. Аммо фотоматериаллар тўпланишига рухсат берилди.
Суд номаълум муддатга танаффус эълон қилди.