Токио—2020 Олимпиадасида бир қатор ўзбекистонлик спортчилар 5 август куни ўз иштирокини ўтказмоқда.

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Эркин кураш бўйича -86 кг вазн тоифасида Жавраил Шапиев бронза медали учун ўтиш жангида швейсариялик Стефан Ричмутга қарши баҳс юритди ва 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Эндиликда у Олимпиада бронзаси учун баҳсда россиялик Артур Нифоновга қарши курашади. Ушбу беллашув Тошкент вақти билан 15:50 дан кейин бошланади.

Фото: МОҚ матбуот хизмати

-74 кг вазнда Бекзод Абдураҳмонов 1/8 финалда Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомесни 10:0 ҳисобида енгиб, чорак финалга йўл олганди. Бироқ Бекзод 1/4 финалда россиялик икки карра жаҳон чемпиони Заур Сидаковга енгилди. Шу тариқа энди агар россиялик спортчи финалга чиқсагина, Абдураҳмоновда бронза учун имконият бўлади.

Фото: Getty Images

-57 кг вазнли курашчи Ғуломжон Абдуллаев эса америкалик рақибига 1:11 ҳисобида ютқазиб, мусобақа билан хайрлашди.

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишида Safina Саъдуллаева ва Светлана Радзивил курашларга кирди. Радзивил ўз иштирокини саралашда якунлаган бўлса, Саъдуллаева медаллар ўйналадиган финал босқичга йўл олди.

Шунингдек, айни дамда Екатерина Воронина (енгил атлетика, кўпкураш) ва Алисе Фаҳрутдинов ҳамда Александр Савкин (замонавий бешкураш) мусобақаларда иштирок этмоқда.