Профессионал бокснинг енгил вазн тоифасида (-61,2 кг) рингга чиқаётган америкалик енгилмас боксчи Райан Гарсия (20-0, 17 КО) 5 декабрь куни навбатдаги жангини ўтказади.
АҚШда ташкил этиладиган бокс оқшомида Райан Гарсияга британиялик Люк Кемпбелл (20-3, 16 КО) рақиблик қилади. Жанг ғолиби WBC’нинг вақтинчалик чемпиони мақомини қўлга киритади.
Маълумот учун, Райан Гарсия сўнгги жангини 2020 йил 14 февралида Франциско Фонсекага қарши ўтказиб, рақибини 1-раунддаёқ даҳшатли нокаутга учратганди. Гарсиянинг ҳисобида айни дамда 20 та ғалаба мавжуд. 17 та жангда рақибларини нокаут эвазига мағлуб этган.
33 ёшли Кемпбелл эса ўзининг сўнгги жангини 2019 йил 31 августида Василий Ломаченкога қарши ўтказиб, очколар эвазига мағлуб бўлганди. Британиялик боксчи ҳисобида эса 20 та ғалаба ва 3 та мағлубият бор. У 16 бор нокаут эвазига ғалаба қозонган.
Қайд этиш жоиз, ушбу беллашув ғолиби WBC камари соҳиби Дэвид Ҳейнига (24-0, 15 КО) қарши жанг учун мажбурий даъвогарга айланади.
Райан Гарсия ижросидаги энг даҳшатли нокаутларни томоша қилинг (видео)
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!