«Insider.uz» нашри 2020 йилнинг 22 январида Фарғона вилоят ИИБга бошлиқ этиб тайинланган Дониёр Тошхўжаев билан интервью уюштириб, бир қатор саволларга жавоб олди.
Иш юкламаси кўплиги, вақти тиғизлигига қарамасдан Дониёр Тошхўжаев журналистлар билан учрашиш учун фурсат ажратган ва Фарғона ИИБга бошлиқ этиб тайинлангани «сургун» сифатида талқин этилаётгани тўғрисидаги гап-сўзларга ойдинлик киритган.
«Йўқ, бу сургун эмас. Кадрлар ротацияси. Мени қаерга жўнатишмасин, оддий терговчи сифатида бўлса ҳам ишлаб бераман. Фарғонага келганимда бу нақадар замонавий шаҳар эканлигини кўрганимдан сўнг таажжубланган ва қувонган эдим. Одамлари ҳам ўқимишли, ақлли, ишчан, хушмуомала, ҳаттоки болаларини ҳам ‘сизълашар экан. Мен бу шаҳарга болалагимда отам билан келган эдим, энди ўзим учун Фарғонани қайта кашф этдим. Биз бу ерга Тошкентдан кўплаб ғояларни олиб келганмиз, август ойида 102 рақамига қўнғироқ қилинганида инсон омили нолга тенг бўлган, жавоб бериш мобил тарзда, ходимлар реал вақт режимида қаердан қўнғироқ бўлаётгани-ю, ким ўша жойга энг яқин бўлса етиб борувчи тизимни тақдим этамиз. Бу ҳақда уни ишга туширганимиздан сўнг батафсил гаплашамиз», — дейди Тошхўжаев.
Таъкидланишича, жиноятчилик даражаси эса чиндан ҳам ошган. Янги бошлиқ ва унинг жамоаси энг кичик жиноят, ҳаттоки мобил телефон ўғирланиши ҳам қайд этилиши принципи билан иш кўрмоқда: «Кимлардир учун бу катта кўнгилсизлик бўлди. Биз гарчи статистика оқсай бошласа ҳам ҳар қандай сигнал қайд этилишига эришдик. Энг асосийси — одамлар уларни катта ва кичик муаммолари эътиборсиз қолмаслигини билишади.
Шунингдек, Дониёр Тошхўжаев ўзининг тўнғич қизи терговчи бўлишга аҳд қилиб, юридик факультетга ўқишга киргани, уни бу фикрдан қайтара олмагани, вилоят ИИБ бошлиғининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига ходим аёллардан бирини тайинлашга кўндира олмаганини сўзлаб берган. Бундан ташқари, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида фикрлари билан ҳам ўртоқлашган.
«Ўткир хотирага эга, кўп ўқиган, билимли, ақлли, тарихни билади ва нафақат Ўзбекистон тарихини. Рус тилини жуда яхши билади, саводли раҳбар, ниҳоятда ишчан», — дейди Тошхўжаев. Шу билан бирга, у Ғаниевнинг сўконғичлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтган:
«Бу фикр қандай пайдо бўляпти, билмадим. Ҳоким бемалол гапирган чоғда ҳеч ким унинг овозини телефонига ёзиб олмаганидан бўлса керак. У жаҳлланиб, ўзидан чиққан пайтдагиси қизиқ, интернет учун материал бор. Мен ўзим кўрганимни айтяпман. Мен ҳам бошида бу одам билан ишлаш қийин бўлади, деб ўйлагандим. Хато қилган эканман. Мен бу ерга келганимда бир факт мени жуда ҳайрон қолдирган — вилоятдаги жуда кўп инсонларда унинг қўл телефони рақами бор, афтидан, одамлар бир-бирларига тарқатиб юборишган. Одамлар унга тўғридан-тўғри қўнғироқ қилишади, ҳоким уларни эшитади, қандайдир муаммосини ҳал қилади».
Маълумот учун, Дониёр Тошхўжаев янги лавозимга тайинлангунга қадар 2019 йилнинг июнидан буён Тергов департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. Ундан аввал 2019 йил январидан бери Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Кадрлар бошқармаси бошлиғи, аввалроқ эса ИИББ бошлиғи ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.