Таиланддаги Чулалонгкорн университетида тайёрланган ва сичқонларда муваффақиятли синовдан ўтказилган коронавирус инфекциясига қарши вакцинани АҚШ ҳамда Канадада ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда, кейинги босқич – эмлашни одамларда тест қилиш, деб ёзмоқда Nation Thailand нашри.

Фото: Nation Thailand

«Бангкокдаги Чулалонгкорн университетида ишлаб чиқилган вакцина COVID-19 касаллигини чақирувчи вирусга қарши 1:3000 бирликда антитана ишлаб чиқаради. Натижа АҚШнинг Пенсильвания штати университетидаги тестларда ҳам тасдиғини топган», – дея баёнот берган Таиланд илм-фан вазири Сувит Месинси.

Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирусга қарши вакцина синовлари, асосан, сичқонларда ўтказилган, лекин келаси ҳафтадан энг қадимги олийгоҳлардан бири бўлган Чулалонгкорн университетида вакцинани маймунларда синаш ишлари бошланади.

«Бир вақтнинг ўзида АҚШ ва Канадада Таиланд вакцинасининг оммавий равишда ишлаб чиқариш технологияси яратилади. Шундан кейин вакцина кўнгиллиларда тест қилина бошлайди», – деган Месинси.

У шунингдек Таиландда вакцинани оммавий равишда ишаб чиқариш билан хориждан тайёр технологияларни олган Bionet Аsiа фирмаси шуғулланишини маълум қилган.

Месинсининг сўзларига кўра вакцина одамларда синаб кўрилганидан кейин уни оммавий равишда ишлаб чиқариш ва Таиландда заруратга кўра фойдаланиш имконияти 2020 йил охирида пайдо бўлишини тахмин қилди.

Ўз навбатида коронавирус инфекциясига қарши кураш давлат маркази расмий вакили Тхависин Висaнуйотхин Чулалонгкорн университетининг олимлари ишлаб чиққан вакцина келаси йили оммавий фойдаланишга тайёр бўлишини билдирган.