Маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп керамика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қарор Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, «Ипотека банк» АТБнинг республика ҳудудларида керамик қурилиш материаллари ва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2019—2020 йилларда ташкил этиш учун қарор лойиҳаси иловасида келтирилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг 150 миллион долларидан кам бўлмаган миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линияларини жалб қилиш ва фойдаланиш таклифига розилик беришни кўзда тутади.

Бунда «Ипотека банк» АТБ кредитларининг:

  • замонавий асбоб-ускуналар, техника, технологиялар, транспорт воситалари, қурилиш материаллари сотиб олиш ҳамда қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун лойиҳа қийматининг 70 фоизидан ошмаган миқдорда;
  • муддати 7 йилгача бўлган фоиз ставкаси миллий валютадаги кредитлар учун — Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 1,5 баробаридан ошмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар учун — халқаро молия институтлари ва хорижий банклардан жалб қилинган шартлар ҳамда «Ипотека банк» АТБнинг 1 фоизга тенг маржаси қўшилган миқдорда ажратиш тавсия этилади.
  • Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига «Ипотека банк» АТБ ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан келишган ҳолда, лойиҳаларнинг қиймати ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан уларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Қарор иловасида келтирилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда:

  • Президентнинг 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сон «Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 4-бандида назарда тутилган барча имтиёзлар татбиқ этилади;
  • қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилмаган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни лойиҳалар ишга тушгунга қадар, бироқ 270 кундан ортиқ бўлмаган муддатда кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
  • Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тегишли ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга бўш турган давлат мулки объектларини импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп қурилиш материалларини ва керамик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун иловада келтирилган лойиҳа ташаббускорларига белгиланган тартибда тақдим этади.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда қарор иловасида кўрсатиб ўтилган лойиҳа ташаббускорларига керамик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хом ашё мавжуд бўлган норуда фойдали қазилмалари ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан берилишини таъминлайди.