Қашқадарёда аҳоли муаммосини ҳудудларга чиқиб ўрганувчи автобус фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов маълум қилмоқда.
Аҳрор Содиқовга кўра, вилоят ҳокимлиги таркибида ташкилот раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, автобусда туманлар аҳолиси муаммоларини тинглайди ҳамда ҳал этади.
— Ҳоким вилоятдаги мавжуд муаммолар ҳақида батафсил билиш мақсадида ўзи сайёр қабуллар уюштириш билан бирга муаммоларни ўрганувчи автобус фаолиятини ҳам йўлга қўйди — дейди Аҳрор Содиқов. — Ишчи гуруҳ вилоят ҳокими номидан ҳудудларда бўлиб, муаммо ва камчиликларни ўрганади ва ҳал этади.
Айтилишича, махсус автобус алоқа воситалари, компьютер ва иш столлари билан жиҳозланган бўлиб, вилоят ташкилоти раҳбарларининг бир жойда жам бўлиб, иш юритиши учун қулай шароитга эга бўлади.
Изоҳ (0)