Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Ушбу тадбир Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида ташкил этилмоқди. Унда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири, тиббиёт фанлари доктори Елжан Биртанов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда.
Жорий йилнинг август ойида Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан бўлиб ўтган учрашувда бирламчи тиббий ёрдам, мажбурий тиббий суғурта, тиббий ёрдамни рақамлаштириш ва тиббий туризмни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу мулоқотда жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида Қозоғистон тиббиёт кунларини ўтказишга келишиб олинган эди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бормоқда. Хусусан, фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида муайян келишувларга эришилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги «Ўзбек фармацевтика маҳсулотларини Қозоғистонда «ин-булк» тамойили асосида ишлаб чиқариш» лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, мамлакатдаги «Дентафилл плюс» хусусий корхонаси Қозоғистоннинг «Антустик» индустриал иқтисодий зонаси маъмурияти билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Ҳар йили ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги олий ўқув юртлари шифокорлари ва талабалари учун бир қатор дастурлар ҳам амалга оширилмоқда. Тиббиётнинг юқори малакали мутахассислари иштирокида тажриба алмашиш доирасида ўзаро ўқув сафарлари ташкил этиляпти.
Қозоғистон тиббиёт кунлари доирасида ушбу мамлакат делегациясининг соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги қизиқарли тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур делегация таркибига нейрохирургия, болалар кардиожарроҳлиги, гинекология, неврология, репродуктология, урология, травматология ва ортопедия, терапия ва ҳужайра технологияси, ядровий тиббиёт ва радиация диагностикаси, буйрак ва жигар трансплантацияси каби қатор йўналишлар бўйича мутахассислар, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда фармацевтика компаниялари раҳбарлари ташриф буюрган.
Тадбир доирасидаги бўлиб ўтадиган сессиялар давомида икки мамлакат мутахассислари тиббиётнинг турли соҳаларида юқори технологияларга асосланган тиббий хизматларни жорий этиш, бу борада замонавий технологияларни қўллаш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ва дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини яхшилаш масалаларини атрофлича муҳокама қилади.
Ҳар икки давлатнинг тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий ва ихтисослашган тиббиёт марказлари ўртасида қатор меморандумларни имзолаш маросими ушбу тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири бўлиши шубҳасиз. Ушбу ҳамкорлик келгусида шифокор ва талабаларнинг ўзаро тажриба алмашиши, тиббиёт соҳасида диагностика ва даволашнинг инновацион усулларини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради.
Қозоғистон тиббиёти кунлари доирасида делегация аъзолари мамлакатдаги тиббиёт олий ўқув юртлари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бўлиб, ўқув жараёни, республикада касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий инновацион усулларнинг қўлланилиши билан яқин танишиши ҳам режалаштирилган.
Қозоғистон тиббиёти кунлари 22 ноябрга қадар давом этади.
Изоҳ (0)