6 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги «Қуйи Сургил» конида «Ўзбекнефтегаз» АЖ «ERIELL Group» компанияси билан ҳамкорликда қазилган 15-сонли қудуқдан суткасига 1 миллион кубометр газ қазиб олишга эришилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қудуқ чуқурлиги 3716 метрни ташкил қилади ва у қуйи Юра қатламларига қадар етиб боради. «Қуйи Сургил» конидаги бурғулаш ишлари 2017–2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олиш ҳажмини ошириш дастури бўйича амалга оширилмоқда. Айни пайтда бу қудуқда синов ва ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда ва ишларнинг якунида суткалик дебит ҳажми янада оширилади.
Объектда фаолият юритувчи мутахассисларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткичларга эришиш жамоавий ҳамжиҳатлик самарасидир.
«Биз ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйгандик ва улардан бирига эришилди. Суткасига 1 миллион кубометр газ қазиб олиш – катта ютуқ», – дейди улар.