Тошкентда Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг ҳамкорликдаги III конгресси иш бошлади, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ушбу тадбирда ўзбекистонлик олимлар ва шифокорлар билан бир қаторда АҚШ, Канада, Швейцария, Австралия, Буюк Британия, Туркия, Испания, Иордания, Миср, Бангладеш, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан 120 нафардан зиёд соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморларда трансплантология — инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жумладан, ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида яқин қариндошлардан беморларга жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти самарали амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларида сўнгги 2 йилда биргина буйрак трансплантологияси амалиёти 300 га яқин беморда муваффақиятли ўтказилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президент ташаббуси билан трансплантология соҳасини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тобора такомиллашмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилган бўлиб, ушбу янги тиббий-илмий марказда ҳам бундай янги технологияларни жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

2019 йилда эса Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилган.

Хабарда таъкидланишича, замонавий тиббиётнинг бундай муҳим ютуқларини тиббиёт амалиётига чуқур татбиқ этишда ўзбекистонлик олимларнинг Туркиянинг Анқара шаҳридаги Башкент университети билан ҳамкорлиги муҳим ўрин тутмоқда. Бир гуруҳ мутахассислар хорижда малака ошириб қайтган. Ўзбекистон олимлари жаҳон ва Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамиятига аъзо бўлган.