10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида «Реабилитология: эришилган ютуқлар, муаммолар, истиқболлар – 2019» мавзуида I Миллий республика конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Российский экспортний центр» компанияси кўмагида ташкил қилинди. Унда беморларни реабилитация қилиш бўйича Россиянинг энг сўнгги рақамли компьютерлаштирилган тизимидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон реабилитация саноатини ривожлантириш концепцияси тақдим этилди.
Ушбу тизим Россия Фанлар академияси академиги Константин Лядов раҳбарлигидаги илмий гуруҳ бошчилигида «МедИнвестГрупп» компанияси иштирокида ишлаб чиқилган. Ўзбекистонда мазкур ишланмани неврология, кардиология, травматология йўналишлари бўйича амалиётга тадбиқ этиш режалаштирилган.
Тадбирда Ўзбекистонда сўнгги йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш ва унинг тезкорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий услублари жорий этилмоқда, беморларга тақдим этилаётган хизматлар сифати ошди. Бироқ, эришилган натижаларни сақлаб қолиш билан бирга беморларни тиклаш ҳам зарур масалалардан биридир.
Муаммонинг нечоғлиқ муҳим аҳамиятга эгалигини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Маълумки, Ўзбекистонда ҳар йили инсулт билан касалланган 46 минг нафарга яқин беморлар, бош мия жароҳатларидан кейинги 13 минг нафарга яқин беморлар реабилитацияга муҳтож. Ўзбекистонда реабилитация муолажалари бажарилиши керак бўлган 700 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилмоқда.
Айни пайтда, амалдаги реабилитация марказларининг ўтказиш қуввати йилига атиги 20 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолган. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 августда қабул қилинган «Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ушбу соҳада жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, реабилитация тизимини комплекс тарзда ислоҳ қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, реабилитация жараёнида энг сўнгги компьютер, симуляцион ва роботлаштирилган технологиялардан фойдаланишга урғу бериш зарур, деган тўхтамга келинди. Чунки, соҳага замонавий технологияларни жорий этмасдан, қисқа муддатда реабилитацияга муҳтож бўлган бу қадар кўп сонли беморларни даволаш ва ҳаётга қайтариш имконсиздир.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахасслари биринчи босқичда хорижий мутахассисларнинг реабилитация тизимини модернизациялашга оид қатор таклифларини кўриб чиқдилар. Улар орасида Россия Фанлар академияси академиги Константин Лядов раҳбарлигидаги илмий гуруҳ бошчилигида «МедИнвестГрупп» компанияси иштирокида ишлаб чиқилган ишланма айниқса, уларнинг эътиборини тортди.
Россиялик олимлар беморлар билан машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган махсус ускуналар тўпламини эмас, рақамлаштириш бўйича жаҳондаги энг долзарб ишланмаларга асосланган, бутун Ўзбекистонда реабилитация жараёнини ташкил қилишнинг рақамли компьютерлашган тизимини тақдим этди. Муқобили бўлмаган мазкур комплекс тизим кўп сонли беморларни тез, самарали ва энг кам ҳаражатлар билан реабилитация қилишни ташкиллаштириш имконини беради ва Ўзбекистон реабилитация марказларининг ўтказувчанлик қабилиятини анча оширади.
Ушбу тизим, шунингдек, беморлар билан ишлашда ходимлар етишмовчилиги муаммосини бартараф этишга ҳам ёрдам беради. Бу инструкторларни ўқитиш ва қайта ўқитиш жараёни тўлиқ ташкиллаштириш орқали таъминланади. Бунда одатдаги реабилитация тизимида меҳнат қиладиган мутахасссисларга қараганда, анча кам ходим талаб этилади.
Хусусан, янги тизимда мултидиссиплинар бригадалар талаб этилмайди, чунки сунъий интеллект беморларнинг аҳволини баҳолайди, ҳар бир бемор учун алоҳида даволаш курсини танлаб беради. Тиббий ҳужжатларни таҳлил қилиш жараёни ҳам автоматлашган. Беморни тиклаш жараёни эса россиялик мутахассислар томонидан яратилган ва Россияда ишлаб чиқарилган махсус компьютерлашган тренажёрлар тўплами ёрдамида амалга оширилади.
Беморлар учун маршрутларни белгилаш бўйича ҳам махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, бу жадалшаштирилган реабилитация дастури ва тренажёр вақтидан самарали фойдаланишни таъминлайди. Яъни таклиф этилган тизим турли патологиялари билан келган беморларни реабилитация қилиш муаммосини ҳар томонлама ҳал этиш имконини беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу рақамли ишланмани Ўзбекистонда неврология, кардиология, травматология йўналишлари бўйича амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Изоҳ (0)