14 август, чоршанба куни Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Хитой элчиси Сзян Ян билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.
Учрашув чоғида афғонлараро тинчлик жараёнини илгари суриш билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиши, Афғонистон ҳудудида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳамда афғон кадрларини тайёрлашга ёрдам кўрсатиш борасидаги Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигининг ҳолати тўғрисида фикр алмашилди.
Хитой дипломатик ваколатхонаси раҳбари Термиз шаҳридаги афғон фуқароларини ўқитиш таълим маркази негизида Афғонистон қишлоқ хўжалиги мутахассисларини тайёрлаш бўйича Ўзбекистон—Хитой—Афғонистон уч томонлама ҳамкорлигини йўлга қўйишдаги Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди.
Мазкур соҳадаги ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга томонларнинг тайёрлиги билдирилди.
Афғонистон йўналишидаги Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигининг конструктив аҳамиятига эътибор қаратилган ҳолда мазкур мамлакат бўйича икки давлат махсус вакиллари ўртасида фикр алмашишни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.
Изоҳ (0)