International Young Robot Competition—2019 танловида Ўзбекистон терма жамоаси иккита номинация бўйича ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Аввал хабар берилганидек, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган Youth techno art—2019 халқаро болалар техник ижодкорлик фестиваль-танлови ғолиблари ҳамда «Баркамол авлод» болалар марказлари тўгарак аъзолари таркибидан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяда робототехника йўналишида бўлиб ўтган International Young Robot Competition (IYRC)—2019 халқаро танловида иштирок этди.
Мазкур танловда Ўзбекистон терма жамоаси иккита номинация бўйича ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, «Рай пустине голод» лойиҳасида 2-ўрин, «Город мести помош людям« лойиҳасида 3-ўринга сазовор бўлди. Шу билан бирга, 2020 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган робототехника йўналишидаги халқаро мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани (сертификат) қўлга киритилди.
Аҳамиятли жиҳати, халқаро танлов доирасида Ўзбекистон терма жамоаси иштирокчиларининг ҳар бири International Young Robot Competition (IYRC)—2019 халқаро танлови логотипи акс эттирилган медал ва кубок билан тақдирланди.
Шунингдек, терма жамоа аъзолари «Зўр ғоя ва конструктор инженерлик ишлари» номинацияси бўйича Гран-прини қўлга киритди.
Танлов сўнгида иштирокчилар учун Жанубий Корея давлатининг диққатга сазовор, тарихий қадамжоларига, жумладан, Теджон, Сеул ва бошқа тарихий шаҳарларига саёҳат уюштирилди.
Изоҳ (0)