Тошкент метрополитени айни пайтда қурилаётган метро ҳалқа йўли учун июль охири — август бошида Россиянинг «Метровагонмаш» корхонасида ишлаб чиқарилган бешта «Москва» модификацияланган таркибини олади. Бу ҳақда Тошкент метрополитенига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
6 июль куни Inmetropoliten’нинг Instagram’даги саҳифасига «Ўзбекистон темир йўллари» логотипи ва Ўзбекистон байроғидаги ранглар туширилган 81-765/766 моделидаги «Москва» вагонлари сурати жойланган эди.
Январь ойида эълон қилинган Ўзбекистон Президенти қарори лойиҳасида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси «Метровагонмаш» билан тўғридан тўғри музокаралар натижасида иккита бош моторли вагон, битта оралиқ моторли ва битта оралиқ моторсиз вагондан иборат бешта таркибни сотиб олишга келишгани айтилган эди.
Таркибларнинг умумий қиймати 27,7 миллион еврога тенг бўлиб, шартнома Россия «Внешэкономбанк»ининг 22,14 миллион евро кредити ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт фондининг 5,54 миллион евро маблағи ҳисобидан молиялаштирилади.
«Метровагонмаш» сайтидаги тавсифларга кўра, вагондан вагонга ўтиш жойи очиқ бўлган вагонлар кенгроқ эшиклари, эргономик диванлари, шовқин ва иссиқдан изоляция, йўловчиларга ахборот беришнинг замонавий тизими ва сутка даврига қараб ўзгарадиган ёритиш тизими билан ажралиб туради.