30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан барча шаҳар ва туманларда тадбирлар ўтказилди. Нурафшон шаҳри Ёшлар марказида бўлиб ўтган маросимда ёш шоира Зилола Шомуродовага Президент совғалари топширилди.
Зилола Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 35-мактабнинг 5-синфида ўқийди. 2017 йилда унинг «Онажонимга совға» номли биринчи китоби чоп этилган. Шоира қиз «Камалак юлдузлари» танловининг туман ва вилоят босқичлари ғолиби бўлган. «Ёш китобхон» кўрик-танловининг вилоят босқичига йўлланма олган. Зилола яқинда юрт ҳақида шеър ва самимий тилаклари билдирилган хат ёзиб, Президент Шавкат Мирзиёев номига йўллади. Кўп ўтмай, давлат раҳбаридан Зилола Шомуродовага жавоб хати келди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов мазкур хатни ўқиб эшиттирди. Президентнинг ёш шоирага йўллаган мактубида шундай жумлалар бор:
«Мурғак юрагингда шу юртга дахлдорлик, чинакам ватанпарварлик, чексиз садоқат ва муҳаббат туйғулари жўш уриб турганини ҳис қилиб, жуда мамнун бўлдим.
Она Ватанимизнинг ишончини оқлаш, халқ хизматига ҳамиша шай туришни олий мақсад билиб вояга етаётган, шу йўлда тинимсиз изланиб, ўқиб-ўрганиб, ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган болаларимиз халқимизнинг фахри-ифтихоридир.
Сен каби минг-минглаб фарзандларимнинг бахтини мен ўзимнинг бахтим, деб биламан».
Бу мамлакатда ҳар бир инсон, ҳар бир мурожаат эътиборда эканининг яна бир исботи бўлди. Президент мактуби шоира қизга, оиласига катта хурсандчилик бағишлади.
Зилоланинг отаси Музаффар Раҳимов устачилик билан шуғулланади, онаси Лобар Қўчқорова уй бекаси.
«Уч нафар фарзандим бор. Қизим Зилола яқинда Президентимизга бағишлаб шеър ёздим, у кишига юбораман, деганида биз оддий мактаб ўқувчисининг мурожаатига давлат раҳбари томонидан бундай катта эътибор қаратилишини кутмаган эдик. Муҳтарам Президентимизнинг хати ҳаммамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди, бошимиз осмонга етди. Бу оиламиз учун энг қадрли хат бўлиб қолади. Бир бошловчи шоира ёзган шеърга шундай катта эътибор берганлари, оддий ўқувчи қизнинг хатига самимият билан жавоб қайтарганлари учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорчилик билдираман. Юртбошимизнинг хати, қимматбаҳо совғаси қизимни ҳам, бошқа болаларни ҳам келгусида астойдил ўқишга руҳлантиради», – деди Зилоланинг онаси.
Зилола каби болаларнинг ижодга, адабиётга қизиқиши давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус, китобхонлик учун яратилаётган шароитлар натижасидир. Бундай имкониятлар самарасида бошқа соҳаларда ҳам ёшларнинг истеъдод ва қобилиятлари юзага чиқаверади.
Изоҳ (0)