Ҳукуматнинг жорий йил 9 апрелдаги қарори билан барча транспорт воситаларига чироқларни кундузи ёқиб юриш бўйича талаб қўйилганди. Талаб жорий этилгандан сўнг Ички ишлар вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу тартиб таҳлил қилинди ҳамда тегишли лойиҳа май ойининг бошида ҳукуматга киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
4 июнда қабул қилинган ҳукумат қарорига мувофиқ фаралар бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади.
2021 йил 1 январга қадар кундузи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги тўғрисидаги талаб фақатгина автоматик ёниб турувчи кундузги чироқлари бор машиналарга нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб ички бозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сутканинг ёруғ вақтида автоматик ёнадиган чироқлар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.
Бундан ташқари, ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини (ҳозирда 101 минг 365 сўм) камайтиришга оид тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)