Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони ва Хитой Халқ Қуролланган Милицияси Бош қўмондони ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик режасига асосан 2019 йил май ойида ўтказилган «Ҳамкорлик-2019» аксилтеррор ўқув-амалий машғулотлари муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда «Дарё»га Миллий гвардия хабар берди.
2019 йилнинг 14 май куни Ўзбекистонга Хитой Халқ Қуролланган Милицияси бош қўмондони Ван Нин «Ҳамкорлик-2019» аксилтеррор ўқув-амалий машғулотининг якуний босқичида иштирок этиш учун ташриф буюрди.
Ташрифнинг дастлабки кунида бош қўмондон Ван Нин ва Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Баҳодир Тошматовнинг учрашуви ўтказилди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, кейинги ҳамкорликни ташкиллаштиришдаги истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
2019 йилнинг 15 май ташрифнинг иккинчи куни икки томон раҳбарлари аксилтеррор ўқув-амалий машғулотлари якунида иштирок этиш учун Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» полигонига етиб келди.
Ҳар икки мамлакатнинг иштирокчилари жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва террорчилик кўринишлари билан курашишга қаратилган профессионал тайёргарликнинг юқори даражасини намойиш қилди.
Дастлаб ҳарбий хизматчилар кўп қаватли турар жой биносини гаровга олган бир гуруҳ террорчиларни йўқ қилиш ва гаровдагиларни қутқариш операциясини амалга оширди. Сўнг эса террорчилар базасини яксон қилиш операцияси намойиш этилди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар замонавий қуроллардан фойдаланган ҳолда душманни йўқ қилиш машқларини, турли ҳолат ва шароитларда қуроллардан моҳирона фойдалана олиш имкониятларини кўрсатди.
Икки ҳафта мобайнида ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида ташкил этилган спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, тарихий жойларга саёҳат иштирокчилар орасида дўстона муҳитни яратди.
«Биз Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси фаолиятига қойил қолдик. Ўзбекистонга ташриф буюриш ва ушбу 15 кун давомида ўқув машқларида иштирок этиш Миллий гвардиядан кўп жиҳатларни ўрганишга имкон берди. Гвардиячиларда кўрган энг яхши фазилатлар бизнинг ҳарбий хизматчиларимизда чуқур таассурот қолдирди: Биринчидан, ватанпарварлик, Ватанга ва халққа садоқат. Иккинчидан, жанговар руҳ, мажбуриятларни бажаришга шайлик, қийинчиликларни енгиб ўтишдаги қатъийлик ва ғайрат. Учинчидан, яхши имидж ва қатъий интизом. Хитой Халқ Қуролланган Милицияси сиздан жуда кўп нарсани ўрганиши керак. Биз келгусидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, юқори натижаларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бир-биримиздан ўрганиш борасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-полковник Тошматов билан келишиб олдик», — дея фикр билдирди Хитой Халқ Қуролланган Милицияси бош қўмондони генерал-полковник Ван Нин.
Қайд этиш жоизки, таҳдидларга қарши курашиш, хавфсизликни таъминлаш борасида стратегик шериклик ва ишончли ҳамкорликка асосланган бундай кенг кўламли ҳарбий ўқув машғулотларини биргаликда ўтказиш икки давлат ҳарбий хизматчиларига катта тажриба мактаби сифатида хизмат қилади.
Изоҳ (0)