Ўзбекистондаги Финляндия Консули кўмагида Тошкент давлат стоматология институти раҳбарияти томонидан Финляндиянинг етакчи университетлари тажрибаси ўрганилди. Музокаралар натижасида 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб, Финляндиянинг ЖАМК университети билан «Соғлиқни сақлашда менежмент» магистратура қўшма таълим дастурини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
Жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этишни таъминлайдиган замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг «кластер» моделини шакллантиришда малакали мутахассисларга Ўзбекистонда талаб катта.
Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йил 11—12 апрель кунлари ўтказилган ўзбек-финляндия бизнес-форум доирасида Тошкент давлат стоматология институти ва ЖАМК университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Эндиликда ушбу ҳужжат асосида икки йиллик таълимни муваффақиятли тугатган магистрлар ҳар иккала олий ўқув юртининг дипломини олади.
Бу ҳам бўлса, Тошкент давлат стоматология институтининг соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётганидан далолатдир.
Эслатиб ўтамиз, ЖАМК университети кўп тармоқли олий таълим муассасаси бўлиб, унда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий изланишлар йўналишида миллий ва халқаро аҳамиятга эга илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилади.
Изоҳ (0)