«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Самарқандда бир «кутубхоначи опа»ни учратди ва у билан суҳбат қурди. Бу кишининг фаолияти нимадан иборат, у нимаси билан диққатимизни тортди, унинг фаолияти жамиятга қандай фойда келтиряпти — бу ҳақда қуйида ўқишингиз мумкин.
Опага тасодифан Ургутдаги банклардан бирида дуч келиб қолдим. Қарасам, икки қўлида турли китоблар солинган иккита оғир сумка. Олдинига ҳайрон бўлдим. Нима қилиб юрган бўлса? Китоб сотармикин? У банк операторлари ўтирган залга кирар экан, олдида мижози йўқ операторлардан бирининг олдига борди. Сумкасидан бир талай китобларни олиб, стол устига қўйди. Китоб жинниси эмасманми, дарров уларнинг олдига етиб бордим.
— Ака, яхшимисиз? Марҳамат, опадан китоб олинг, ижарага берадилар. Ижараси қиммат эмас, — деди оператор йигит мени кўриб. Китобларга қарадим-да, опанинг вақтини олмаслик учун:
— Бўшаганингиздан кейин озгина вақт ажратсангиз, суҳбатлашар эдик, — дедим.
Опа рози бўлди. Бироздан кейин бўшаб, олдимга келди.
— Ука, вақтим зиқроқ, ҳали бошқа бир нечта идора ва ташкилотларга ҳам киришим керак, шунга сизга кўп вақт ажрата олмайман, — деди у.
Шундан сўнг опа билан гаплашиб, у ҳақдаги маълумотларни олдим. Бу иш билан неча йилдан бери шуғулланаётгани билан қизиқдим.
У кишининг исм-шарифи Нодира Эсанбоева экан. Ўзи Иштихоннинг Орлот қишлоғидан экан. Ургутга ҳар-ҳар замонда китоблар олиб келиб, турли ташкилот ва идоралардаги мижозларига ижарага берар экан. Ижара пули қатъий белгиланмаган, 2–3 та китоб олиб қолганлардан нима беришса, шуни олиб кетаверар экан.
— Яна қайси туманларга борасиз?
— Самарқанд вилоятидаги қарийб барча туманларга бораман. Ургутга келаман, Тайлоқ, Жомбой, Булунғур, Самарқанд, Каттақўрғон, Қўшработ туманларига, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги турли идораларда мижозларим бор, ўшаларга китоб олиб бораман.
— Бунақа қийналиб юргандан кўра битта кутубхона очсангиз яхши бўлмайдими?
— Шундай қилсам ҳам бўлади. Аммо мен Иштихон туманида тураман. Уйимда кутубхона очишга шароитим йўқ. Шароитим бўлганда ҳам кутубхона туман марказида, одамлар гавжум жойда бўлгани яхши. Айнан шу масалада Иштихон туманининг марказида кутубхона очишим учун бўш бир бино сўраб мурожаат қилмаган жойим қолмади. Туман ҳокимиятидан, вилоят ҳокимиятидан ёрдам сўрадим. Ҳатто Президент порталига ҳам ёздим. Натижа бўлмади. Ҳозирги кунда Иштихон шаҳридаги хусусий бир бинонинг иккинчи қаватини ижарага олиб, кутубхонамни ўша ерда ташкил этганман. Кутубхонамда жой етарли бўлгани учун китобхонларнинг ўтириб китоб ўқиши учун ҳамма шароитни қилиб қўйганман.
Китобни ўша ерда ўтириб ўқиш бепул. Уйга олиб кетаман дейишса, ҳар бир китобнинг бир ҳафта-ўн кунлик ижараси учун атиги минг сўмдан олиб қоламан. Ҳозир турган жойим учун ойига 300 минг сўм ижара беряпман. Кутубхонам ҳафтада бир кун, чоршанба куни очиқ бўлади. Қолган кунлари эса ёпиқ.
Нодира Эсанбоева кутубхонани ҳафтада бир кун очишини эшитиб ҳайрон бўлдим ва нега бундайлиги билан қизиқдим.
Ҳафтанинг бошқа кунлари мен бошқа туманларига китоб олиб кетаман. Кутубхонага қарайдиган одам йўқ. Менга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ. Фарзандларим ўқишда бўлади. Биронта танишимни ишга олай десам, қишлоғимиз туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган ва йўлкиранинг ўзи 10 минг сўм бўлади. Шунингдек, унга тушлик учун ҳам пул беришим ва албатта маош тўлашим керак. Ҳозирча бу харажатларни қоплай олмайман. Туман марказидан, кутубхонам яқинидан ёрдамчи олай десам, ишончли киши топа олмаяпман. Топганимда ҳам унга ҳозирча маош тўлай олмасам керак.Агар менга кутубхона учун жой топиб беришса, ҳозир ижарага тўлаётган 300 минг сўмни тежаб, сўнг унинг ёнига озроқ қўшиб, ёрдамчи олсам бўлар эди ва шунда кутубхонамиз узлуксиз фаолият юритар эди.
Ҳозир мени қийнаётган муаммолардан яна бири автоулов масаласидир. Ўзимнинг машинам йўқлигидан қийналяпман. Битта Damas ёки Labo бўлганида эди, кўчма кутубхонани ривожлантириш режамда бор эди. Ҳозир эса машинам йўқлиги учун, ўзингиз ҳам кўряпсиз, оғир китобларни сумкага солиб кўтариб юрибман. Яқинда Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида у кишига «Библиобус» намойиш этилди. Ўшанда юрагим орзиқиб кетди. Худо хоҳласа, битта машина олсак, мен фаолиятимни кенгайтириб нафақат Самарқанд вилояти, балки қўшни вилоятлар — Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Жиззах вилоятларига ҳам китоб олиб бора олардим. Айнан машина олишимда ёрдам сўраб туманимиздаги бир нечта тадбиркорга мурожаат қилдим, аммо ҳеч ким ёрдам беришни хоҳламади. Мен уларга «машина олиб беринглар» деганим йўқ, «қарзга машина олиб беринглар, секин-секин қарзимни узаман» дедим. Лекин биронтаси рози бўлмади. Халқнинг китоб ўқиши, китобхон бўлиши ҳеч кимга керак эмас шекилли.
— Бу иш билан неча йилдан бери шуғулланасиз?
— Ўн беш йилдан ошди.
— Ишингизда даромад яхшими?
— Китоб ижараси учун оладиган пулим ўзимнинг уёқ-буёқларга юришим учун йўлкирага ва тушлик пулимга зўрға етади.
— Унда сизга нима керак, шунча сарсон бўлиб, сумкаларда оғир китобларни кўтариб узоқ туманларда юриш?
— Ўзим китоб ўқишни яхши кўраман, кўп китоб ўқиганман. Шу боис бошқалар ҳам китоб ўқишини хоҳлайман. Мени энг хурсанд қиладиган ҳолат — мен ўқиган китобни яна кимдир ўқиган бўлса ва у билан таассуротларимни ўртоқлашсам, ўша китобни ўқиган бошқаларнинг таассуротларини эшитсам. Китоб кўтариб юриб, тарқатиб, одамларга китоб ўқишни, китобхонликни тарғиб қилиб юришим ҳам аслида шу феълимдан, китоб ўқишга қизиқишимдан, бошқалар ҳам мен ўқиган китобларни ўқишини жудаям хоҳлаганимдан бошланган.
* * *
Нодира Эсанбоева билан анча суҳбатлашдим. Бир нечта ўзим ўқиган ноёброқ китоблар ҳақида сўз очсам, у ҳам ўқиган бўлиб чиқаверди. Опанинг дарди шу иш ортидан бойлик орттириш эмас, зеро китоб ижарага бериш билан шуғулланиб бойиб кетишнинг мутлақо иложи йўқ, бор-йўғи одамларнинг китоб ўқишини, китоб ўқиб билимли бўлишини, дунёқараши кенг бўлишини, онги ривожланишини хоҳлайди холос.
Нодира Эсанбоеванинг «кутубхона учун Иштихон туманининг марказидан битта бўш бино ва биттагина машина бўлса эди» деган гапларини эшитиб ўйлаб қолдим. Наҳотки катта бир туманда маърифатпарвар опанинг шу муаммоларини ҳал қилиб берадиган ҳеч ким топилмаса?!
Наҳотки туман мутасаддиларига китобхонликни рағбатлантиришнинг аҳамияти бўлмаса? Тадбиркор акалардачи, наҳотки опага битта машина олиш учун қарз беришнинг имконияти бўлмаса?
Унинг фидойилиги олдида лол қолдим. Агар шу киши қўшни туманларга оғир сумкаларда китоб кўтариб юрмай, уйи олдидаги бозорга чиқиб, у-бу нарса олиб сотса ҳам ҳозир топаётган пулидан кўп пул топарди. Унинг китобга бўлган муҳаббати шу фидойиликка етаклаяпти. Фақат китобни жон-дилидан яхши кўрадиган инсонгина бундай иш қила олади.
Нодира Эсанбоева жудаям кўп китоб ўқигани гап-сўзларидан билиниб турибди. Тўғри, у ҳам китобларни ижарага беради. Лекин китоб ижараси ортидан топаётган арзимаган пули билан фаровон яшаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу пул қўшни туманларга қилаётган сафарларига етса ҳам катта гап. Опанинг гап-сўзидан маълум бўлдики, китоблар ижараси ортидан топаётган уч-тўрт сўм пули рўзғорига етмайди.
Очиғи, ҳаётда турли одамларни кўрдим. Бу дунёга келишидан мақсад фақат пул топиш, уни кўпайтириш, шу орқали фаровон яшаш бош мақсади бўлган инсонлар атрофимда кўп. Уларнинг аксариятини китоб ўқиб, дунёқарашини ўзгартириш, ҳаётга фақат пул топиш тарафдан эмас, балки одамгарчилик, инсонийлик тарафдан қараш деган нарсалар мутлақо қизиқтирмайди. Мен қаршимда ўтирган «кутубхоначи опа» ҳақида, унинг арзимаган ҳақ эвазига қилаётган фидокорона меҳнати ҳақида ўйлар эканман, дунёни мана шу кишига ўхшаш инсонлар ушлаб тургандай туюлади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)