«Дарё» мухбири Миролим Исажонов 88 ёшида вафот этган Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Пўлат Саидқосимовнинг айрим ҳамкасблари билан суҳбатлашиб, уларни биргаликда ёдга олди.
«Орамизда ҳамиша чиройли масофа бўлган»
Фарҳод Абдуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:
— Пўлат акамни дастлаб «Муҳаббат можароси», «Беруний» картиналаридаги ижроларини кўриб, мухлисига айланганман. Тақдир экан, санъат йўлини танлаб, талабалик чоғимданоқ улар ишлаган театрда биргаликда фаолият юритиш насиб қилди.
Табиатан иккиюзламачилик, лаганбардорликни ёқтирмаганлигим боис ҳеч қачон Пўлат акамнинг ортидан юриб, «устоз», дея бирор нарса ундиришга ёки ёрдам қўлини чўзишига умид қилмаганман. Ҳамиша жимгина уларнинг ҳам ҳаётдаги, ҳам саҳнадаги юриш-туриши, гапиришини кузатиб, ўзимга нимадир олишга интилганман. Аммо тақлид қилган эмасман. Негадир юзига тик қараб, «устоз» дейишга ботинолмасдим, очиғи.
Театрда ижодий кечам ташкил этилганида саҳнага чиқиб, «Фарҳод туғма истеъдоди ва роллари билан эл назарига тушди, шогирдимга айланди. Фақат уни шогирдим сифатида тан оламан», дея илиқ фикрлар айтганида ҳам унга нисбатан муносабатимни ўзгартирмаганман. Пўлат акамнинг устига чўпон кийдириб, уйларига совға-салом билан тез-тез бориб, зериктириб қўйишни истамасдим ва уларнинг ўзи ҳам бундай хушомадларни ёқтирмасди. Одамнинг юзига тўғрисини айтиб қўя қоларди. Мунофиқлик билан чиқишмасди. Иккимизнинг мана шу феълимиз жуда ўхшаш эди. Ўртамизда доимо чиройли масофа бўлган ва бизга бу жуда маъқул келарди. «Диёнат» видеофильмида уларнинг ёшлигини ўйнаганман. «Афғон» киносида ҳам бирга ишлаганмиз. «Келинлар қўзғолони», «Фармонбиби аразлади», «Бир қадам йўл» каби ўнлаб спектаклларнинг репетицияларидаги бирга бошдан кечирган қизиқ ва унутилмас воқеалар ҳамон эсимда.
Биз охирги марта октябр ойида «Эслаб» кўрсатувининг суратга олиш жараёнида кўришиб, гурунглашгандик. Ундан кейин ҳам бир неча марта турли тадбирларда учрашдик, аммо жиддий суҳбатлашмадик. Пўлат акамни шифохонага тушиб қолганини эшитганимда, тезда оёққа туриб кетади, деб ўйлагандим. Уларни 100 йилдан зиёд умр кўришига қаттиқ ишонардим. Негаки, ҳар доим тетик, бардам юрарди. Соғлиғидан шикоят қилганини эшитмаганман. Лекин ўлим ҳақ экан, орамизни бевақт тарк этди. Илоҳим устозни жойлари жаннатда бўлсин!
«Ўз набирасидек яхши кўрган»
Севара Солиева, актриса:
— Пўлат аканинг вафот этгани ҳақидаги шум хабарни эшитишим биланоқ дарҳол кўз олдимда «Чол ва набира»нинг суратга олиш жараёнидаги бетакрор дамлар гавдаланди. Ушбу фильмдаги набира ролим кино оламидаги иккинчи ижроим бўлиб, у пайтларда ҳали ёш, тажрибасиз эдим ва шу туфайли съёмка вақтида бутун жамоанинг қўллаб-қувватлаши натижасида камчиликларимни тўлдиришга ҳаракат қилганман. Пўлат ака табиатан оғир-босиқ, ўз ишига талабчан бўлса-да, лекин менга танбеҳ бериб, кўпчиликнинг олдида юзимни қизартирмаган. Аксинча, ўз набирасидек яхши кўриб, яқиндан кўмаклашган.
Устоз санъаткор билан сўнгги бор «25-кадр» кўрсатуви съёмкасида кўришгандик. Ўшанда жуда озиб кетган экан. Кекса бўлишига қарамай, дадил ҳаракатланиши ва бирин-кетин фильмларда рол ижро этишини кўриб, шижоатига ҳавас қилардим. Улардан фақат ёрқин хотиралар қолган. Илоҳим охирати обод бўлсин!
Изоҳ (0)