Туркия қуролли кучлари май ойи давомида иттифоқчи хорижий кучлар билан ҳамкорликда 3 та йирик ҳарбий машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Ҳарбий машғулотлар “Анатолия қақнуси”, “Денгиз бўриси-2” ва “EFEС” деб номланган. Улар мамлакатнинг турли қисмларида ўтказилиши билдирилган.
“Анатолия қақнуси” машқлари 6–17 май кунлари ўтказилиши белгиланган. “Денгиз бўриси-2” ва “EFEС” амалиётлари эса 7–18 май кунларига режалаштирилган.
Манбада айтилишича, “Анатолия қақнуси” машқларида Озарбайжон, Қатар, Польша, Руминия, Саудия Арабистони ва мезбон Туркия ҳарбийлари иштирок этади. Машқлар Кўниядаги учинчи марказий ҳаво кучлари базасида ўтказилиши белгиланган.
Туркиянинг Мармарис ҳарбий зонасида эса денгиз флоти, ҳаво кучлари ва қирғоқ қўриқлаш кучларининг бригадаларидан таркиб топган 15 минг нафардан ортиқ ходим иштирокида “Денгиз бўриси-2” кенг кўламли ҳарбий машғулотлари ўтказилиши айтилган.
2024 йилги “EFEС” ҳарбий машқлари эса Туркия учун баҳсли бўлган Эгей денгизи бўйида ўтказилиши белгиланган. Унинг дастури асосан жонли отишма дала машғулотларини ўз ичига олади.
Ҳарбий машғулотлар кўплаб давлатлар иштирокида қўшма ҳарбий салоҳият ва тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган. Ушбу учлик амалиётларда 49 мамлакат вакиллари қамраб олиниши айтилган.
Изоҳ (0)