10 декабрь куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги халқ таълими бошқарма бошлиқларига махсус кўрсатма йўллаб, унда таълим тизимидаги кўплаб муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берди. Ҳужжатда мажбурий меҳнат, қоғозбозлик, тадбирбозлик сингари кўплаб иллатлар тилга олингани муҳим янгилик бўлди.
Бу ҳужжат амалиётга татбиқ этилиши мактабларда, умуман халқ таълими тизимида ўзгариш ясай оладими? Мактаб ўқитувчиларининг реал муаммолари қанақа? Бу масалаларга ўқитувчиларнинг муносабатини ўрганиш учун «Дарё» халқ таълими аълочиси Исроил Тиллабоевга мурожаат қилди. Қуйида унинг бу борадаги фикрлари билан танишишингиз мумкин.
Халқ таълими тизими кейинги вақтда энг кўп тилга олинаётган соҳалардан бири бўлаётгани сир эмас. Бунга у жамиятнинг келажагини белгилайдиган соҳа эканлиги сабаб. Бундай ҳолатни тўғри қабул қилишимиз, камига хурсанд бўлишимиз керак: бееътибор қолишдан сақласин, халқ, жамоатчилик қанчалар кўп гапирса, шунча кўп ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонаман.
Таълим тизимини сифатини яхшилаш тез фурсатда бўлмайди, бунга узоқ йиллик стратегия ишлаб чиқилиб эришилади. Натижага эришиш учун ҳозирги Халқ таълими вазирлиги олдида анча муаммолар йиғилиб қолган эдики, бу муаммолардан қутулмасдан туриб таълим тизимини ислоҳ қилиш фақат киноларда бўлиши мумкин эди. Улардан энг каттаси таълим ходимларининг мажбурий меҳнатга тортилиш эди; бунга шахсан давлат раҳбари аралашиб чек қўйди. Бу йилги пахта мавсуми тарихий мавсум, десак адашмаймиз: бу йил Ўзбекистон аҳли ўқитувчи ва шифокорларсиз, талабаларсиз ҳам шу пахтани йиғиб олиш мумкинлигини исботлади. Демак, эпласа бўларкан, деб юбордик. Тоғри, ора-орада ўқитувчилар пахтага маҳаллий раҳбарлар томонидан онда-сонда чиқарилгани ҳақида хабарлар эшитиб турдик, лекин ўшандай ҳолатларни эшитган заҳоти жойида чора ҳам кўрилди.
Яна асосий муаммолардан бири ўқитувчилар қўғозбозликка кўмилиб кетгани эди. Мактаб ўқитувчисидан ҳар бир ишига ҳисобот, тадбирларни суратлари билан «исботлаш»ни талаб қилиш, том-том ҳужжат тайёрлаш авжига чиққан эдики, буларни бажариш учун ўқитувчи фақатгина статист эмас, иш юкламасини тўлдириш учун бухгалтер бўлиши керак эди. Дарс кейинги даражага тушган эди, «муҳими ҳужжатлар жойидаку» тамойили ишларди. Ўқитувчидан ўтган йили ҳам олтита ҳужжат юритиш талаб қилинаётган эди: йиллик иш режаси (юклама), синф журнали, йиллик тақвимий мавзувий режа, йиллик кундалик дарс ишланмалари, дарс кузатиш дафтари, тарбиявий ишлар режаси… Қизиғи, жойлардаги мактаб раҳбарияти бундан бошқа майда-чуйда ҳисобот ва қоғозлар ўйлаб топиб ўқитувчилардан талаб қилаверар, аниқ тизим йўқ эди. Ҳатто бу ўқув йилида ҳам юкламалар йўқотилди, дейилишига қарамай, юкламаларни ҳар ойда тўлдириб, кейин ойлик ёзадиган илмий бўлим мудирларини эшитдим,
10 декабрь куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги халқ таълими бошқарма бошлиқларига йўллаган топшириғи таълим тизимидаги юқоридаги каби қоғозбозликни йўқотишга хизмат қиладиган топшириқлардан бўлиши мумкин, агар ушбу топшириқни жойлардаги маҳаллий раҳбарлар тўғри англаб етса, энг муҳими — ижросини таъминласа.
«Халқ таълими бошқарма бошлиқларига катта ҳарфлар билан, шахсан назорат учун», деб бошланган топшириқнинг 1-қисмида барча умумтаълим мактабларида учта ҳужжат — синф журнали, дарс ишланма ва йиллик тақвимий режадан ташқари биронта ортиқча ҳужжат ва ҳисобот юритилиши тақиқланган.
Ушбу банд ўқитувчиларнинг қайси ҳужжатларни юритиши ва келадиган текширувчи ҳам қайси ҳужжатни кўришига ойдинлик киритган. Нафақат аввалги йилларда, балки ҳозир ҳам юклама тўлдириб юрган, бўш ўзлаштирувчиларга ҳужжат қилиб кўрсатаётган ва бошқа ҳисоботларни ёзаётган ўқитувчиларни учратдим. Ўйлайманки ушбу бандни ўқиган ўқитувчи ўз иш ҳужжатларини, илмий бўлим мудирлари эса ходимлардан сўрайдиган ҳужжатларини билиб олади.
Иккинчи бандига қараймиз. Таълим тизимидаги ўқитувчиларни турли маданий-маърифий тадбирлар учун ҳисобот, баённома, (фото) альбом тайёлаш ёки синф раҳбарларини ўқувчининг уйларига юбориш, ота-оналар билан суҳбат ўтказилганлиги ҳақида фотосурат ёки ҳисобот талаб этиш тақиқланади.
Маълумки, ўқитувчиларнинг тадбир ўтказишдан бездирган нарса ҳам аслида уни ўтказиб бўлгач, у ҳақда ҳисобот ёзиб, «исботловчи» суратларни илова қилиш эди. Шу сабабдан кўплаб ўқитувчилар ҳаттоки фан ойликларида ҳам тадбирлар ўтказишдан безган эди. Шу ўринда бир савол: ҳисоботлар ўқитувчиларга йўқотилди, жуда яхши, лекин бу нарса мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига ҳам тааллуқлимикан? Чунки аввал ҳам бу икки ўринбосар бутун кун давомида Халқ таълими бўлимлари томонидан бериладиган турли жадваллар ва топшириқларни тўлдириш ва суратларга олиш билан ўтмоқда. Уларнинг вазифалари статист эмас-ку, бири мактабдаги ҳар бир дарс сифатини таъминлашга масъул, бунинг учун дарсларни кузатиш, ўқитувчи ва ўқувчилар билим сифатини яхҳилаш ишларини олиб боориш бўлса, иккинчиси мактабдаги маънавий-маърифий муҳитни яхшилаши керак. Вазирлик нафақат ўқитувчидан, балки бу раҳбарлардан ҳам талаб қилинаётган ҳисоботларни енгиллатиб, улар асосий ишини қилишига шароит яратишса яхши бўлар эди, чунки уларга берилган жадвал ва топшириқлар бевосита ва билвосита ўқитувчилар иштирокини талаб қилади.
«Маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, турли йиғилишларга, тадбирларга зални ‘тўлдириш’ учун ‘томошабин’ сифатида жалб этилиши тақиқланади», дейилади учинчи бандда.
Туманларда бир анъана урф бўлган: Тошкентдан бирон қўшиқчи келса, мажбуран чипта сотилади, яъни мактабларга қанчадандир бўлиб берилади. Мана шундай хушёқмас «концерт»лар йўқотилади, деган умиддамиз. Лекин бу билан туманларда концерт дастурлари қўйиласин, демоқчимасман. Марҳамат, ким хоҳласа ўтказаверсин, фақат бозор иқтисодиёти — ким хоҳаса олаверсин чиптани, фақат энди чипталарни мактабларда »марказлаштирилган ҳолда ташкил этиш» йўқ.
4-бандда энди Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан ташқари маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотлар томонидан ўтказилаётган ҳашарларига педагогларни жалб қилиш қатъиян тақиқланмоқда.
Яқин йиллар ичида, афсуски, маҳаллий ҳокимликларнинг «ҳашар»лари кўпайгани ҳақиқат. Вилоят ҳокими қарори билан, туман ҳокими қарори билан бир кунлик иш ҳақимизни олиб қолишларига кўниккан эдик. Ҳатто қайсидир ойда 2 кунлик иш ҳақи ҳам ушланган бундай ҳашарларга. Узоққа бормайлик, футбол клуби ўйинчиларининг ойлигини тўлашни ҳам ўқитувчиларга юклаган ҳокимлар учраётганлиги ақлга сиғмайдиган ҳолат аслида. Афсуски, бу ишлар реал ҳаётда бўлиб ўтди.
Кейинги бандда маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар хил газета ва журналларга мажбурий обуна ва коммунал тўловларни ва бошқа ноқонуний тўловларни ойлик иш ҳақидан мажбурий олиб қолиниши тақиқланди.
Жорий ўқув йилида ҳам ҳарчанд гапирилмасин, иш ҳақидан «ўз аризасига кўра» газета ва журналларга мажбурий обуна ташкил этаган маҳаллий раҳбарлар учраб турибди. Масалан, Бекобод туман халқ таълими бўлими мудири шу туфайли ўз лавозимидан озод қилинди. Ижтимоий тармоқларда ўтказган сўровномамизда ҳам ўқитувчиларнинг кўпчилиги бу йил ҳам раҳбариятлари томонидан мажбурий обунага мажбурланганини билдирди. Газета ва журналарни ўқишсин, лекин мажбурий, ўзи истамаган газета ёки журналга эмас, ўз хоҳиши билан, уйида обуна бўлган нашрни ўқисин. Бунда раҳбариятнинг «тавсия»си шарт эмас.
Топшириқнинг сўнгроғида ҳозирда бутун ўқитувчилар «вақтинчалик» журналга ёзиб келаётган 2 чораклик мавзу ҳамда баҳоларни янги журналлар келса, унга аввалги йиллардек ўтказиш ҳақида боши қотиб турган саволга жавоб берилган: «вақтинчалик» журнал янги журналга кўчирилмайди, ўша ҳозирги журнал ҳам тан олинади, янги журнал эса берилган вақтдан бошлаб юритилиб борилади. Демак, тушунарлики, «вақтинчалик» журнал бу йил вақтинча бўлмади, доимий журнал қаторида ўтади. Дарвоқе, бу йил доимий журнал нега бунчалар кечикканининг сабабига тушунолмадим. Бутун бошли вазирликка журнал чиқариш қийин эмас ва бу асосий ишлардан бири деб биламан, буни кейинги ўқув йилида эътиборга олишади, деб умид қиламан.
Ҳужжат охирида ушбу топшириқларни бажаришда хато қилган раҳбарларга интизомий чора кўрилиши эслатиб ўтилган.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг бу топшириғини унинг аввал-бошдан таълим тизимида олиб бораётгн ўзгаришларининг мантиқий давоми деб биламан. Агар маҳаллий бошқарма раҳбарлари бу топшириқлар ижросини тўла таъминласа, таълимда сифат ва самарадорлик ошишига қадам қўйган бўлардик. Ўқитувчи сифатида мазкур топшириқ қай даражада бажарилаётганини кузатишда давом этаман.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)