12 декабрнинг асосий янгиликлари — «Дарё» дайжестида.
Жорий йилнинг 4 декабрь куни Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида яшовчи И.Ю. маст ҳолда уйида бирга яшаган онаси нафақахўр К.А.нинг бош ва юз қисмларига уриб-тепиб жароҳат етказган. Натижада К.А. касалхонага ётқизилган ҳамда кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 10 декабрь куни шу ерда вафот этган.
***
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедова синглиси Шаҳло Аҳмедовани лицензиясиз қолдирган клипига муносабат билдирди. «Шаҳлонинг бу клипи ўзбек телевидениеси учун ишланган клип эмас эди… Видео клип ўзбек менталитетига тўғри келмаслигини ҳисобга олмаганда, ушбу клипнинг ёмон томонини кўрмадим», — деди у.
***
Ўзбекистон Президенти «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача оширилади.
***
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бугун, 12 декабрь куни 55 ёшни қарши олди. Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари бир кун аввал хонанданинг уйига йиғилиб, уни туғилган куни билан табриклади. Маълумот учун, Юлдуз Усмонова 1963 йилнинг 12 декабрь куни Марғилон шаҳрида таваллуд топган. Санъаткорнинг отаси Ўраимохун Усмонов ва онаси Раҳимахон Акбарова Марғилон ипак комбинатида ишлаган ва саккиз нафар фарзандни тарбиялаган. Юлдуз Усмонова оилада олтинчи фарзанд.
***
Кливлендаги (АҚШ) Лернер илмий-тадқиқот институтнинг олимлари гўшт ва жигар истеъмол қилиш юрак-қон томирлари касалликларига олиб келишини аниқлади. Олимлар мазкур маҳсулотларда юрак-қон томир ва инсульт хавфини келтириб чиқадиган бактерия овқат ҳазм қилиш жараёнида пайдо бўлишини аниқлаган.