Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрь кунги «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳа равнақида тўғаноқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Қарорда давлат хариди учун бошоқли дон етиштириш бўйича амалдаги тартибдан мутлақо фарқ қиладиган янги тизим ва механизмлар жорий этиш назарда тутилганлиги унинг фермерлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этишидан далолат беради.
Қарорга мувофиқ, соҳада кўплаб туб ўзгаришлар рўй беради. Хусусан:
етиштириладиган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баробар юқори белгиланди, бу эса табиийки, маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади;
давлат хариди учун етиштирилган маҳсулотларни табақалаштирилган нархларда, яъни устама ва чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олиш тартиби жорий қилинади. Бошқача қилиб айтганда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама қўлланилади.
Бунда, харид нархига бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан41 центнердан 50 центнергача бўлганида — 10 фоиз (120 минг сўм),51 центнердан 60 центнергача бўлганида — 20 фоиз (240 минг сўм), 61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25 фоиз (300 минг сўм) устама қўлланилади.
Қайд этиш лозим, республика бўйича 2018 йил йил ҳосили учун суғориладиган ерларда ғалла эккан 60 544 та фермер хўжалигининг 48 190 таси ёки ҳар бештадан тўрттаси гектарига 40 центнердан ортиқ ҳосил олишга эришган.
Фавқулодда ҳолатлар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлари) оқибатида кутилган ҳосил олинмаганда ҳамда бу ҳолатлар Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссия томонидан тасдиқланганда, давлат хариди учун етказиб берилган ғаллага ўртача харид нархида ҳисоб-китоб қилиниши қарорда алоҳида белгилаб қўйилган.
2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилган.
Яъни, гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда 2 баробар, ҳосилдорлик 31 центнердан 40 центнергача бўлганида эса 1,5 баробар кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилади.
Шунингдек, суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон нархига 25 фоизгача чегирма қўллаш тартиби жорий этилди.
Хусусан, ҳосилдорлик гектарига:
30 центнер ва ундан кам бўлганида – 25 фоиз;
31 центнердан 40 центнергача бўлганида – 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлатга етказиб берилган дон учун тўлов амалга оширилади.
Ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш тизими ҳам такомиллашди.
Бошоқли дон етиштириш харажатлари учун давлат харидига етказиб бериладиган бошоқли дон етиштириш учун йиллик 5 фоиз миқдорда имтиёзли кредит ажратилиши ва бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Изоҳ (0)