Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасарруфидаги «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирексияси» давлат унитар корхонасининг мутахассислари Хитойнинг балиқчилик соҳасидаги бой тажрибасини ўрганиш мақсадида Гуандун провинцияси маъмурий маркази – Гуанчжоу шаҳрида бўлди, деб хабар берди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
«Айдар-Арнасой кўллар тизими дирексияси» ДУК мутахассислари Сзинян Агросаноат компанияси фаолияти билан яқиндан танишиб, балиқларнинг йўқолиб кетаётган турларини қайта тиклаш, балиқларни самарали боқиш бўйича мазкур компания тажрибасини ўрганди.
«Хитойга сафаримиздан кўзланган мақсад – янги балиқ турларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, инкубация цехларини ташкил этиш, республикамизда балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, «Айдар-Арнасой кўллар тизими»да ёпиқ усулда, сунъий қафас ўрнатиш воситасида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришишдан иборат. Биз корхона негизида 2019 йилнинг 1 мартига қадар йилига 10 миллион дона балиқ чавоқлари ишлаб чиқарадиган наслчилик-селексия қўшма корхонаси ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу борада Хитойда тўпланган бой тажриба ҳам бизга қўл келади», – дейди «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирексияси» ДУК мутахассиси О.Анорбоев.
Маълум бўлишича, Хитой томони билан эришилган келишувларга кўра, жорий йил ноябрь ойининг ўрталарида Хитой балиқчилик соҳаси делегацияси Ўзбекистонга келиб, «Айдар-Арнасой кўллар тизими»да балиқ етиштириш жараёни ва маҳаллий шароитлар билан танишгач, икки томонлама шартнома имзоланиши режалаштирилган.
Ўзаро ҳамкорликнинг биринчи босқичида 500 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши назарда тутилган.
Изоҳ (0)