Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан «Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган 152 фармацевтика корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган 2 минг 500 номга яқин дори-дармон амалиётда кенг қўлланилмоқда. Жорий йилда давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 914,6 миллиард сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва бошқа бирламчи тиббиёт муассасалари қошида 2200 дан ортиқ ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда фармацевтика саноатига ихтисослашган «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» каби эркин иқтисодий зоналари (ЭИЗ) рўйхатга олинган бўлиб, ушбу ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 518,9 гектар ер майдони танлаб олинди. Мазкур эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 1 триллион 361,1 миллиард сўмга тенг 30 лойиҳа амалга оширилиши ва бунинг натижасида 1 минг 903 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
«2018 йил 1 августдан бошлаб, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби жорий этилади, — деди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. — Бу эса дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимидаги ортиқча тўсиқларга барҳам беради. Давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади. Бунинг натижасида сифатсиз воситаларнинг мамлакатга кириб келиши олди олинади».
Изоҳ (0)