Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Текстил ва тикув-трикотаж соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш тизимининг ривожи» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Anons.uz»

Фото: «Anons.uz»

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, хорижий компания ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Мамлакатда кенг турдаги сифатли тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашни ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Тадбирда уюшма томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилди. Айни пайтда уюшма таркибида 1297 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда 3 миллиард 926,7 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Маҳаллий хом ашё асосида маҳсулотни маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йил январь июнь ойларида саноат корхоналари томонидан 12,6 миллиард сўмлик 7 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида беш мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.

Бугунги кунда тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, тўқимачилик саноати соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёжни ва уларни тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Кадрлаш тайёрлаш жараёнига халқаро тадқиқот институтлари жалб этилган. Жумладан, Швейцария, Хитой, Франция, Бельгия ва Италия каби давлатларнинг институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида ўқув амалий технопарки ташкил этилмоқда. 2006 йилдан буён 100 дан ортиқ мутахассис Жанубий Кореяда малака ошириб келди. Ўз навбатида кореялик мутахассислар ҳам Ўзбекистонда келиб, тажриба алмашмоқда. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Швейцариянинг Rieter AG, Туркиянинг Dilmenler, Бельгиянинг Picanol каби бир қатор хорижий компания ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар