Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан, Канада, Мексика, Австралия, Янги Зеландия, Ҳиндистон, Франция, Буюк Британия, Германия, Польшада эгизаклар фестиваллари ўтказиб турилади. Аммо бу каби фестивалларнинг энг машҳури ҳар йили август ойида АҚШнинг Твинсбург (тwins —«эгизаклар») шаҳрида минглаб эгизаклар иштирокида бўлиб ўтади, деб хабар беради ЎзА.
Бу шаҳарга бутун дунёдан эгизаклар ташриф буюради. Ҳар йили ўтадиган шоуга нафақат эгизаклар, балки психолог, шифокорлар, олимлар ҳам катта қизиқиш билан қарайди. Олимларнинг фикрича, илмий тадқиқотлар учун айни шу фестиваль катта аҳамият касб этади.
Ҳар йили фестиваль бирор бир мавзуга бағишланади. Ўтган йилги фестиваль 5 августдан бошланганди. Тадбир фазовий саргузаштларга бағишланди. Фантастик фильмлар қаҳрамонлари, роботлар, астронавтлар шаҳар кўчаларини «эгаллаб» олди.
Твинсбург шаҳрига XIX асрнинг бошларида асос солинган. Номи Миллсвил бўлган шаҳарга илк бор ташриф буюрганлар орасида ака-ука Аарон ва Моисей Уилкосларнинг борлиги боис ҳам шаҳар шуҳрат қозонди. Миллсвиль номи аллақачон одамларнинг ёдидан кўтарилган. Ака-укалар биргаликда иш юритишар экан, аҳил-иноқликда бир уйда истиқомат қилишган ва опа-сингилларга уйланишган. Бойликлари ҳам ўртада бўлган. Фарзандларининг сони ҳам бир хил бўлган. Улар ўзлари амалга ошираётган барча ишлардан фахрланишган. Моисей ва Аарон Уилкокс шу қадар ўхшаш эдиларки, уларнинг энг яқин дўстлари ҳам ажратишга қийналишарди. Энг қизиғи, улар бир хил касалликка чалинишган ва бир кунда вафот этишган, шу сабабли ҳам битта қабристонга дафн этилган.
Ака-ука 1819 йилда, агар шаҳар номи Твинсбург деб ўзгартириладиган бўлса, у ҳолда мактаб учун ерларини тақдим қилишга ва маблағ беришга ваъда беришди. Шаҳар маъмурияти уларнинг қўли очиқлигидан фойдаланиб қолишга қарор қилди ва шу тариқа шаҳар номи ўзгартирилди.
Орадан 100 йил ўтиб, яъни 1976 йилда шаҳар расмийлари Эгизаклар фестивалини (Twins Days Festival) ўтказишга қарор қилди. Ўшанда уюштирилган тадбирда илк бор 36 жуфт маҳаллий эгизаклар иштирок этган. Бу тадбир бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Шов-шувлар ўз самарасини берди. Орадан бир йил ўтиб фестивалга қизиқувчилар кўпайди. 2015 йилда бутун дунёдан келган 18 минг жуфт эгизак қатнашди. Шу тариқа кичик шаҳарнинг номи бутун дунёга машҳур бўлди.
Шаҳар Огайо штатида жойлашган. Ҳар йили бу ерга нафақат икки нафар ака-ука, опа-сингил, ака-сингил, опа-ука, балки учлик, тўртликлар ҳам келади.
Фестиваль доирасида турли қувноқ конкурслар ўтказилади. Унда эгизак бўлмиш ёш-у қари иштирок этади. Ҳар бир иштирокчи фестивалдан нималардир олишга ва нимадир қўшишга интилади.
Фестиваль ўтказиш анъанасига қизиқиш шу қадар кучайдики, расмийлар Твинсбург шаҳрида Эгизаклар музейи очишга қарор қилди.
Тадбирда эгизак бўлмаганлар ҳам иштирок этиб, завқ олиши мумкин. Бунинг учун бир кунга 3 доллар тўлаш керак бўлади. Фестивальда иштирок этишдан аввал, эгизаклар, албатта, рўйхатдан ўтиш керак бўлади. Рўйхатга олиш тадбири фестивалнинг биринчи иш куни эрта тонгда бўлиб ўтади. Икки эгизак 15 доллар, уч эгизак эса 22,5 доллар тўлаши керак. Тўрт эгизак бўлиб туғулганлар эса 30 доллар тўлаб рўйхатдан ўтади. Бешовлон эса 37,5 доллар тўлайди.
Фестивальга ташриф буюрганларнинг боши айланиб кетиши мумкин. Улар ҳар қадамда бир хил либосдаги, бир хил чеҳраларни кўришга мажбур. Бир неча кун давомида Твинсбург эгизаклар пойтахтига айланади. Турли жинс ва ёшдаги эгизаклар ўзларининг иқтидор ва қобилиятларини намойиш қилишга интиладилар.
Изоҳ (0)