Суриядаги ИШИД террорчилик ташкилоти тор-мор қилинди, дея маълум қилди Россия президенти Владимир Путин. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Бу йил бизнинг диққат марказимизда бутун халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мавзу турибди, бу — ИШИД Сурияда тор-мор қилингач, Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожланиш истиқболлари», — деди Путин халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси иштирокчиларига йўлланган нутқида. Нутқни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ўқиб эшиттирди.
Ушбу конференцияда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Сурия ҳудудининг катта қисми озод этилгани, қолган қисми билан қуролни ташлаш бўйича батафсил музокаралар олиб борилаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, сохта халифалик тузиш режалари барбод қилинган.
«Бизнинг кучларимиз коалиция билан бирлаштирилганида, минтақадаги ИШИД масаласи эртароқ ҳамда камроқ талафотлар билан бартараф этилган бўларди», — деди мудофаа вазири.