Ўзбекистон футбол ассоциацияси (у вақтда ЎФФ) ва «Реал Мадрид» клуби академияси директори вакиллари учрашуви давомида «Қироллик клуби»нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида Ўзбекистонда «Реал Мадрид» клубининг футбол мактаби очилиши бўйича келишувга эришилганди.
Мазкур келишув бўйича иш тартибини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Омон Ғофуров Испанияга ташриф буюриб, «Реал Мадрид» академияси раҳбарияти билан учрашди.
Келишувга кўра, «Реал Мадрид»да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Улар футбол мактабларида машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.
Шунингдек, Ўзбекистондаги истеъдодли болаларни «Реал Мадрид»га олиб бориш, «Қироллик клуби» томонидан ташкил этиладиган мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинадиган бўлди.
«Реал Мадрид» академияси хорижий давлатларда фақат Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида иш олиб бормоқда.
Эндиликда ушбу дастур асосида «Реал Мадрид» методологиясини ўзбекистондаги футбол клубларида ҳам қўллаш, футболчилар билан янгича услубда машғулотлар ўтказиш йўлга қўйилади.
Музокаралар натижасига кўра шу йилнинг июнь ойида «Реал Мадрид» клуби академияси мутасаддилари ва вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрадиган бўлди. Улар Ўзбекистонда бир ойга яқин вақт давомида бўлиб, «Қироллик клуби» академиясини ташкил этиш, республикадаги футбол мактаблари ва академияларида испан футболи методикаси бўйича иш олиб бориш, болалар футболи мураббийларининг малакасини ошириш, ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш борасида иш олиб боради.