Грузия пойтахтида «Рустави 2» телекомпанияси биноси олдида «Грузин марши» ҳаракати томонидан норозилик акцияси уюштирилди. Ҳаракат етакчиларидан бири Ладо Садгобелашвили полиция томонидан қўлга олинди, деб хабар беради «РИА Новости».
Намойиш 19 март куни рўй берди. Акция иштирокчилари P.S. дастури бошловчиси Георгий Габуниянинг сўзларидан кескин норози бўлган эди.
Журналист дастурнинг Ажариядан дарахтларнинг Гурияга кўчирилишига бағишланган бир сонида «Исо Масиҳ икки минг йил олдин тарғибот учун Исроилга келиб адашган эди» деди.
«У 2–3 йил олдин Ажарияга келиши керак эди, уни чормих қилишмас эди, негаки минтақада хоч тайёрлаш учун дарахт қолмаган», — деб ҳазиллашди Габуния.
Митинг иштирокчилари Габуния ва телеканал юристи Тамта Мурадашвили ўтирган машинага ҳужум қилди. Уларнинг телеканал ходимлари билан тўқнашуви натижасида спорт журналисти Давид Эрадзенинг бурни синди. Габуниянинг машинасига ҳам зарар етди.
Полициялар тартибсизликларнинг жами олти иштирокчисини қўлга олди.
Изоҳ (0)