10 декабрь куни Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Тошкент тумани ҳокимлигида «2017—2018 йиллар қиш мавсумида аҳолини табиий ва ис газидан заҳарланишини олдини олиш» мавзусида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлиги остида 52 нафар ҳарбий хизматчи ва қутқарувчилар, «Тошкентгаз» филиалидан 68 нафар, Тошкент тумани ИИБ ЁХБдан 50 нафар, Маъмурий ижро бюросидан 68 нафар, Ёнғинга қарши кураш жамиятидан 12 нафар, шунингдек, тумандаги 68 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳам иштирок этди.
Йиғилишдан сўнг, барча иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда тумандаги маҳаллаларда уйма-уй юриб хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, иситиш ва газ ускуналаридан тўғри фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди.
Кун давомида тумандаги 2977 та аҳоли хонадонларида 10315 нафар фуқаролар билан «Ис гази, овқатдан заҳарланиш ҳамда қутуриш касаллигини олдини олиш» мавзусида тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда аҳолига 10258 та эслатма ва буклетлар тарқатилди.